“Ўзбеккосмос” агентлиги коррупцияга қарши!
2024-12-17 00:00:00 / Янгиликлар

Бугун мамлакатимизда замонавий ва самарали бошқарув тизимини жорий этиш, давлат хизматчиларида коррупсиявий ҳолатларнинг барча кўринишларига қатъий чидамсизлик руҳиятини шакллантириш, халқ манфаатларини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғоялар асосида ишлар олиб борилмоқда. Албатта, ушбу ислоҳотларнинг туб замирида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган устувор ғоя асосий тамойил сифатида хизмат қилмоқда.
Бу ўринда ислоҳотларнинг чинакам натижадорлигига эришиш мақсадида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини изчил таъминлаб бориш алоҳида аҳамият касб этади. Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат (cомплианcе control) тизимини ташкил этиш ҳисобланади.
Коррупцияга қарши комплаенс назорати – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ушбу соҳада белгиланган асосий вазифалардан бири этиб, устав жамғармасида давлат улуши бўлган корхона ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш ва унинг самарадорлигини тизимли мониторингини амалга ошириш вазифаси белгиланди.
Айни шундан келиб чиққан ҳолда “Ўзбеккосмос” агентлиги ва унинг муассислигидаги “Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази” МЧЖда монополияга қарши комплаенс тизими жорий қилинди ва унинг ишлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Унинг асосий вазифаси сифатида эса қуйидагилар белгиланди.
Хусусан, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишини мониторинг қилиш, фаолиятга тегишли материалларни таҳлил қилиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклайдиган нормаларни аниқлашга қаратилган ички ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган чораларни ишлаб чиқиш, монополияга қарши комплаенс тизимининг фаолият юритиши билан боғлиқ масалалар бўйича бошқа тузилмавий бўлинмалар билан ўзаро алоқаларни мувофиқлаштириш, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиш билан боғлиқ ички ўрганиш ишларини ташкил этиш ва бошқалар.
Шу билан биргаликда “Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази” МЧжда доимий тарзда ходимлари ўртасида рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш ва мунтазам равишда ушбу йўналиш бўйича уларнинг малакасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва тренинглар ўтказиб келинади. Бир сўз билан айтганда, фаолиайтга коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизимини жорий этилиши қатор самарали омилларга хизмат қилмоқда. Жумладан, мазкур тизим коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларни минимум даражага туширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
“Ўзбеккосмос” агентлиги ва унинг муассислигидаги “Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази” МЧЖ бу иллатга қарши курашишда давом этади.
“Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази” МЧЖ директори Алиев Соибжон Солиевич
