“CanSat” лойиҳаси бўйича синов парвозлари амалга оширилди!
2024-11-12 00:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, "Ўзбеккосмос" агентлиги космик технологиялар, астронавтика ва муҳандисликка қизиқувчи мактаб ўқувчилари учун "CanSat" лойиҳасини ишга туширмоқда. Куни кеча Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани, “Янги Ҳаёт” аэродромида “CanSat” типидаги сунъий йўлдош ишлаб чиқиш ва учириш бўйича синов тадбири ўтказилди. Мазкур тажриба “Ўзбеккосмос” агентлиги, “Сеҳриё” мактаби ва “Узаэроспаcе” ҳамкорлигида ташкил этилди.
Лойиҳада 100 дан ортиқ ёшлар қатнашиб, ўз билим ва ижодий қобилиятларини синовдан ўтказдилар. Ёш ихтирочилар томонидан ишлаб чиқилган мини сунъий йўлдош модуллари дронлар ёрдамида 200 метр ва 500 метр баландликка кўтарилди. Парвоз давомида модуллар реал вақтда баландлик, ҳарорат, босим ва инклинометрия каби турли муҳим маълумотларни қайд этишга муваффақ бўлишди. Ушбу технологик ютуқлар орқали иштирокчиларнинг космик тадқиқотларга илк қадамлари қўйилди.
Тадбир доирасида яна бир қизиқарли воқеа – мактаб ўқувчилари томонидан яратилган пневмо-гидро ракеталарнинг учирув танлови ҳам бўлиб ўтди. Ёшларнинг ўз қўллари билан тайёрлаган ракеталари осмон узра кўтарилиб, уларнинг илм-фанга бўлган иштиёқини янада юксакларга олиб чиқди.
Ушбу тадбир ёш авлодни аэрокосмик технологиялар оламига қизиқтириш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалга ошириш учун самарали майдон яратди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати









