Ўзбекистонда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” ўтказилади!
2024-09-30 00:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” ўтказилади!
“Ўзбеккосмос” агентлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 4 – 10 октябрь кунлари мамлакатимизда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтади. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1999 йилда имзоланган резолюцияга мувофиқ, ҳар йили октябрь ойининг дастлабки 10 кунлигида дунёнинг 100га яқин давлатлари мазкур санани кенг нишонлашади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги ҳам “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” доирасида кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, 4 – 10 октябрь кунлари “Ташкент City Mall” савдо – кўнгилочар марказида космос тарихига бағишланган махсус кўргазма ўз ишини бошлайди. Қолаверса, болажонлар учун мажмуадаги “Sky Park” томонидан турли интерактив шоу ўйинлар, танлов ва викториналар ўтказилади.
Шу билан биргаликда 5 – 6 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Турин Политехника Университети”да “Ўзбеккосмос” агентлиги ва “NASA” ҳамкорлигида ташкил этилаётган йирик “NASA Space Apps Challenge 2024” хакатони бўлиб ўтади. Унда 200 нафардан зиёд ёшлар 40га яқин жамоаларга бўлинган ҳолда ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишади.
Шунингдек, бутун Республика бўйича умумтаълим мактаблари, академик лицей ва университетларда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” мавзусига бағишланган очиқ дарслар, суҳбатлар, тақдимотлар ва бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
“Бутунжаҳон космос ҳафталиги”нинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида аввалги мақоламизда ўқинг!
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати
