“Бутунжаҳон космос ҳафталиги” ҳақида эшитганмисиз?
2024-09-26 00:00:00 / Янгиликлар

“Бутунжаҳон космос ҳафталиги” ҳақида эшитганмисиз?
Ҳар йили октабр ойининг дастлабки 10 кунлигида бутун дунёда космос мавзусига бағишланган йирик тадбирлар ташкил этилади. Нега дейсизми, чунки 1957 - йил 4 октябрда Собиқ Иттифоқ энг биринчилардан бўлиб ўзининг сунъий йўлдошини коинотга учирган. 1967 йил 10-октабрда эса АҚШ, Буюк Британия ва Собиқ Иттифоқ ўртасида айни йўналишда махсус шартнома имзоланган. Шундан келиб чиққан ҳолда 1999 йилда БМТ Бош Ассамблеяси “Бутунжаҳон космос ҳафталиги”ни нишонлаш тўғрисидаги резолюцияни имзолаган.
Қарийб 25 йилдан буён мазкур сана ва у билан боғлиқ тадбирлар дунёнинг ҳар бир мамлакатида кенг нишонланади. Ҳар йили ҳафталик маълум бир шиор остида ташкил этилади. Мисол учун ўтган йили “Космос ва тадбиркорлик” ғояси илгари сурилиб, барчага космос нафақат илмий тадқиқотлар ўтказилувчи соҳа балки мўмайгина фойда келтирувчи тижорий платформа ҳам эканлиги қайд этилган эди. 2024 йил учун эса “Космос ва иқлим ўзгариши” мавзуси танланди. Унинг доирасида 90 дан ортиқ мамлакатларда 16 мингдан зиёд тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Аслида “Бутунжаҳон космос ҳафталиги”нинг асосий мақсади мазкур йўналишда олиб борилаётган изланиш ва янгиликлар билан одамларни яқинроқ таништириш, янги технологиялар ва лойиҳаларни ўрганиш, ёшларни ушбу сирли оламга кўпроқ жалб этиш, хусусан, бутун дунёдаги талабаларни аниқ фанлар, муҳандислик, математика ва бизнесни ўрганишга илҳомлантириш ва бу борадаги таълим дастурларини янада ривожлантиришдан иборатдир.
Ўзбекистонда космик тадқиқотлар ва технологиялар билан шуғулланиб келаётган “Ўзбеккосмос” агентлиги ҳам бу йил “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” доирасида ўзининг қизиқарли лойиҳалари билан иштирок этади. Улар ҳақида батафсил кейинги хабарларимиз орқали маълум қиламиз.
Ушбу ҳафталик доирасида ўзининг ғоя ва ташаббуслари билан иштирок этишни режа қилаётган таълим муассасалари, умумтаълим мактаби, академик лицей, университет ва институтлар, йирик компания ва корхоналарни ҳамкорликка чақириб қоламиз!
Мурожаат учун телефон: +998 97 140 15 27, +998 90 940 04 98
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати
