“Абу Dhabi Space Debate” якунлари
2022-12-13 00:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳридаги “Абу Dhabi Space Debate” анжуманида иштирок этиб келишди.
Икки кун давом этган халқаро тадбирда космик соҳада фаолият олиб борувчи 50 га яқин давлатларнинг раҳбар ва тегишли вакиллари иштирок этишди. Мазкур тадбирнинг кун тартибида космик агентликларнинг барқарор ривожланишдаги ўрни, янги космик геосиёсат, космик фазони тадқиқ қилиш ва мазкур соҳани ривожлантиришда хусусий секторни жалб қилиш, миллий космик дастурлар, космик фазо барқарорлиги, ривожланаётган космик тенденциялар каби мавзулар ўрин олди.
Шу билан бирга, турли космик агентликлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тегишли мутахассислари иштирокида панель сессиялар ва семинарлар ўтказилди.
Семинарлар давомида Ўзбекистон делегацияси ҳам космик соҳада ривожланаётган давлатлар ривожи учун илмий-техник, синов-ишлаб чиқариш, тажриба-изланиш, муайян базавий космик инфратузилмани ташкил этиш каби йўналишларда фаолият самарадорлигини ошириш учун амалга оширилиши зарур бўлган тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
“Ўзбеккосмос” вакиллари конференция доирасида Туркия космик агентлиги (ТУА), Туркия Саноат ва технологиялар вазирлиги, Франция космик тадиқотлар миллий маркази (CНЕС), Миср ва Колумбия космик агентликлари, Буюк Британиянинг “ПWC”, АҚШнинг “ЭСРИ”, “БлаcкСкй” ва “Махар Technologies”, Испаниянинг “Satlantis” ҳамда Болгариянинг “EnduroSAT” компаниялари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказишди.
Учрашувлар давомида, туркий давлатлар ташкилоти доирасида космик соҳа ривожи, тажриба алмашинуви, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳамда туркий давлатларнинг биринчи кубсатини учириш, Ўзбекистонда “SpaceCamp” интерактив ўқув мажмуасини ташкил қилиш, хорижий олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, Агентлик тизимидаги мутахассисларни малакасини ошириш, космик соҳада янги ҳисобланган буюмлар интернети (Internet of Things) технологиясини Ўзбекистон ҳудудида синовдан ўтказиш, “SmallSat” сунъий йўлдошлар туркумига мансуб кичик ҳажмдаги сунъий йўлдошни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик, “ArcGIS” геоахборот тизими учун бутун Ўзбекистон Республикасига татбиқ этилувчи ягона лицензия олиш имкониятини ҳамда ушбу дастурий таъминотдан фойдаланиш бўйича малака оширишга қаратилган ягона ўқув марказини ташкил этиш каби бир қатор муҳим масалаларда муҳокамалар олиб борилди.
Шунингдек учрашувлар сўнгида, “Ўзбеккосмос” агентлиги мамлакатда соҳани ривожлантириш йўлида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, малакали хорижий экспертларни таклиф қилган ҳолда Ўзбекистонда ўқув-семинар, илмий-тадқиқотларни ўтказиш бўйича ҳам самарали келишувларга эришди.
