Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси космик соҳада ҳукуматлараро ҳамкорликни ривожлантирмоқда
2020-12-15 00:00:00 / Янгиликлар

«Ўзбеккосмос» агентлиги делегацияси 5 кунлик ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлиб қайтди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги делегацияси Қозоғистон Республикасида бўлиб, космик тармоқ объектлари билан танишди. Ташриф доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи Шуҳрат Қодиров Қозоғистон Республикасининг рақамли ривожлантириш, инновациялар ва аэрокосмик саноати қўмитаси вазири Багдат Мусин билан космик фаолият соҳасида музокара олиб борди.
Учрашув давомида Қозоғистоннинг космик алоқа тизими имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳамкорликни алоқаларини кенг йўлга қўйиш, хусусан ҳамкорлар томонидан Ўзбекистонда «Казсат » сунъий йўлдош алоқаси ва радиоэшиттириш тизими хизматларини кўрсатадиган қўшма корхона ташкил этиш таклифи муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида космик маконни тинч мақсадларда ўрганиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик бўйича тайёрланган битим лойиҳасини муҳокама қилди, ҳамда келгусида истиқболли лойиҳалар амалга ошириш юзасидан музокаралар якунида Қозоғистон Республикасининг рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноати вазирлиги Аэрокосмик қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ўртасида космик фаолият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Баён имзоланди.
Ташриф чоғида космик соҳада ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида «Ўзбеккосмос» агентлиги делегацияси ҳамда Қозоғистон Республикасининг бир қатор нуфузли корхоналари билан ҳамкорлик учрашувлари бўлиб ўтди ва ўзбекистонлик мутахассисларни қўшма лойиҳалар доирасида малака ошириш ва амалиёт ўташга қабул қилишини масалалари муҳокама қилинди.
