Ўзбекистонда космик фаолият, сунъий йўлдошлар ва космик мониторинг мавзуларини оммавий ахборот воситаларида профессионал ёритиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган медиа-тренинг ташкил этилди
2026-11-20 12:15:00 / Янгиликлар

2026 йил 19 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “School 21” ИТ-мактабида “Ўзбеккосмос” агентлиги ҳамда Президент Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун Контент тайёрлаш маркази ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун медиа-тренинг ўтказилди.
Тренинг асосий мақсади медиа вакилларининг космик фаолият, сунъий йўлдошлар, космик мониторинг ва геоахборот технологияларига оид билимларини ошириш, мураккаб илмий-техник мавзуларни кенг жамоатчиликка содда, тушунарли ва тўғри етказиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат бўлди.
Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг космик соҳадаги фаолияти, “Ўзбеккосмос” агентлигининг асосий йўналишлари, миллий лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, сунъий йўлдошлар, орбиталар, ракеталар, масофадан зондлаш технологиялари ҳамда космик маълумотларни олиш жараёнлари бўйича мутахассислар томонидан тақдимотлар қилинди.
Медиа-тренинг амалий қисмида иштирокчилар учун космик мавзуларга бағишланган интеллектуал викторина ташкил этилди. Шунингдек, тўрт кишидан иборат гуруҳларга бўлинган иштирокчилар гидравлик ракеталарни лойиҳалаштириш, ясаш ва учириш бўйича амалий машғулотда қатнашди. Мазкур машғулот давомида улар ракета ҳаракатининг асосий тамойилларини амалий тажриба орқали ўрганиш имкониятига эга бўлди.
Мазкур тадбир журналист ва блогерларнинг космик соҳа бўйича ихтисослашган билимларини такомиллаштириш, космик технологиялар ва илмий ютуқларни оммавий ахборот воситаларида кенг ҳамда тушунарли ёритиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди.







