Ўзбекистоннинг космик мониторинг тажрибаси Исломободдаги халқаро конференсияда тақдим этилмоқда
2026-10-29 17:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 27–31-октабр кунлари Покистоннинг Исломобод шаҳрида космик технологиялардан эрта огоҳлантириш тизимлари, иқлим ҳаракати ва офатлар хавфини баҳолашда фойдаланишга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
БМТнинг Космик фазо масалалари бўйича бошқармаси (UNOOSA) ҳамда Покистон космик ва юқори атмосфера тадқиқотлари комиссияси (SUPARCO) томонидан ташкил этилган тадбирда “Ўзбеккосмос” вакиллари ҳам ўз тақдимотлари билан иштирок этишмоқда.
Хусусан, унда сунъий йўлдош маълумотлари асосида сув омборлари ва тўғонлар ҳолатини кузатиш, радар интерферометрияси (InSAR) ёрдамида ер юзаси ва иншоотлардаги силжишларни аниқлаш, эҳтимолий сув босиш ҳудудларини моделлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Мазкур конференциядаги иштирок “Ўзбеккосмос” вакиллари учун ўзаро тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда офатлар хавфини камайтиришда космик технологиялардан фойдаланишни ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.





