"Ўзбеккосмос" агентлигида рақамли суверенитет ва киберхавфсизлик масалалари муҳокама қилинди
2026-10-29 17:20:00 / Янгиликлар

"Ўзбеккосмос" агентлигида Рақамли суверенитет ва миллий киберхавфсизлик кунига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, рақамли саводхонликни ошириш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида рақамли факт-чекинг бўйича семинар-тренинг ташкил этилди. Унда ёлғон ахборотларни аниқлаш, маълумотлар ишончлилигини текшириш ва танқидий фикрлаш кўникмалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, тизимлаштириш, ҳисоботлар тайёрлаш ва бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Тадбир рақамли хавфсизлик маданиятини мустаҳкамлаш ҳамда давлат бошқарувида сунъий интеллектдан масъулиятли ва самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилди.



