“Ўзбеккосмос” агентлигида коррупцияга қарши курашишга доир ишлар
2026-10-19 12:00:00 / Янгиликлар

Бугун мамлакатимизда замонавий ва самарали бошқарув тизимини жорий этиш, давлат хизматчиларида коррупсиявий ҳолатларнинг барча кўринишларига қатъий чидамсизлик руҳиятини шакллантириш, халқ манфаатларини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғоялар асосида ишлар олиб борилмоқда. Албатта, ушбу ислоҳотларнинг туб замирида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган устувор ғоя асосий тамойил сифатида хизмат қилмоқда.
Бу ўринда ислоҳотларнинг чинакам натижадорлигига эришиш мақсадида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини изчил таъминлаб бориш алоҳида аҳамиятга эга. Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини ташкил этиш ҳисобланади.
Коррупцияга қарши комплаенс назорати – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ушбу соҳада белгиланган асосий вазифалардан бири этиб, устав жамғармасида давлат улуши бўлган корхона ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш ва унинг самарадорлигини тизимли мониторингини амалга ошириш вазифаси белгиланди.
Айни шундан келиб чиққан ҳолда “Ўзбеккосмос” агентлиги ва унинг муассислигидаги “Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази”да монополияга қарши комплаенс тизими жорий қилинди ва унинг ишлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Унинг асосий вазифаси сифатида эса қуйидагилар белгиланди.
Хусусан, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишини мониторинг қилиш, фаолиятга тегишли материалларни таҳлил этиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклайдиган нормаларни аниқлашга қаратилган ички ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган чораларни ишлаб чиқиш, монополияга қарши комплаенс тизимининг фаолият юритиши билан боғлиқ масалалар бўйича бошқа тузилмавий бўлинмалар билан ўзаро алоқаларни мувофиқлаштириш, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиш билан боғлиқ ички ўрганиш ишларини ташкил этиш ва бошқалар.
Шу билан бирга, Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари марказида доимий тарзда ходимлар ўртасида рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш ва мунтазам равишда ушбу йўналиш бўйича уларнинг малакасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва тренинглар ўтказиб келинади.
Бир сўз билан айтганда, фаолиятда коррупцияга қарши курашиш бўйича комплаенс назорат тизимининг жорий этилиши қатор самарали омилларга хизмат қилмоқда. Жумладан, мазкур тизим коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини ва имкон берувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш, уларни минимум даражага туширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
