«Ўзбеккосмос» озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги учун космик ечимларни тақдим этди
2026-10-09 20:45:00 / Янгиликлар

7–8-октабр кунлари Тошкентда Халқаро пахта куни ҳамда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда FAO Бош директори Сюй Дуню, ICAC ижрочи директори Эрик Трахтенберг, WTO Бош директори ўринбосари Жан-Мари Погам, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Анжуманда «Ўзбеккосмос» агентлиги вакили «Аэрокосмик технологиялар — озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий воситаси» мавзусида маъруза қилди. Унда Ўзбекистоннинг географик шароити, аҳоли сонининг ўсиши ҳамда ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги шароитида аэрокосмик технологияларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамияти таъкидланди.
Космик тасвирлар ва сунъий интеллект асосида буғдой, пахта ва бошқа экинларни таснифлаш, уларнинг вегетация жараёнини кузатиш, шунингдек, муаммоли майдонларни эрта аниқлаш имкониятлари намойиш этилди.
Қурғоқчилик, сув танқислиги ва ер деградациясини кузатишда Ерни масофадан зондлаш маълумотларидан фойдаланиш, ахборот алмашиш ҳамда ҳамкорликдаги ёндашувларнинг минтақавий барқарорлик учун муҳимлиги қайд этилди.
Аниқ ва ўз вақтида олинган маълумотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим ресурси экани, космик технологиялар эса чекланган ер ва сув ресурсларини самарали бошқариш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда табиий ресурсларни келгуси авлодлар учун асрашга хизмат қилиши таъкидланди.
Анжуман доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги вакиллари хорижий ва маҳаллий компаниялар раҳбарлари ҳамда вакиллари билан қатор ишчи учрашувлар ўтказиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва истиқболли йўналишларни муҳокама қилдилар.


