«Ўзбеккосмос» вакиллари Қорақалпоқ давлат университети талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан учрашди
2026-10-08 19:30:00 / Янгиликлар

Бутунжаҳон космос ҳафталиги доирасидаги тадбирлар давомида «Ўзбеккосмос» Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги вакиллари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида иштирокчиларга «Ўзбеккосмос» агентлигининг фаолияти, асосий мақсад ва вазифалари, иш йўналишлари, шунингдек, космик технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида амалга оширилаётган ҳамда истиқболдаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Айниқса, Ерни масофадан зондлаш маълумотларидан турли соҳаларда — қишлоқ хўжалиги, экологик мониторинг, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда амалий фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Агентлик вакиллари, шунингдек, космик мониторингнинг замонавий имкониятлари ва Ўзбекистонда космик соҳани ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўзлаб, ёш мутахассисларни тайёрлаш ҳамда талабаларни замонавий илмий-технологик лойиҳаларга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув очиқ мулоқот шаклида ўтди. Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари Агентлик фаолиятига катта қизиқиш билдириб, сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланиш, космик технологияларни ривожлантириш, соҳадаги касбий имкониятлар ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан кўплаб саволлар берди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг космик соҳага бўлган қизиқишини ошириш, «Ўзбеккосмос» агентлиги ва олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, мамлакат космик соҳасини келгусида ривожлантириш учун малакали кадрлар салоҳиятини шакллантиришга хизмат қилади.




