NASA раҳбарияти билан космик соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-10-08 12:10:00 / Янгиликлар

Анталия шаҳрида ўтаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси (ИАC-2026) доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари АҚШнинг NASA раҳбарияти билан учрашув ўтказди.Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Uzcosmos агентлиги директори Шуҳрат Кадиров ҳамда NASA администратори ўринбосари Матт Андерсон иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва АҚШнинг космик соҳадаги бугунги устувор йўналишлари, истиқболдаги қўшма лойиҳалар ва ташаббуслар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, космик технологияларни ривожлантириш, сунъий йўлдош маълумотларидан самарали фойдаланиш, Ерни масофадан кузатиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан 2028 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган IAC-2028 конгрессида НАСАнинг иштироки, ушбу йирик халқаро тадбир доирасида қўшма лойиҳалар ва илмий-техник ташаббусларни намойиш этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар космик соҳада узоқ муддатли ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни илгари суришдан манфаатдор эканини билдирди.



