«Саводхон ташкилот – саводли жамият» шиори остида диктант тадбири ўтказилди
2026-10-07 16:55:00 / Янгиликлар

Саводхонлик – нафақат шахсий билим ва кўникманинг, балки ташкилотнинг иш юритиш маданияти ва касбий фаолиятининг ҳам муҳим кўрсаткичидир. Давлат тилида ҳужжатларни тўғри ва саводли расмийлаштириш ташкилот фаолиятининг самарадорлиги ҳамда ишчанлик нуфузини оширишга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 7-октабр куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази мутахассислари томонидан «Ўзбеккосмос» агентлигида «Саводхон ташкилот – саводли жамият» шиори остида беғараз диктант тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади давлат тилида иш юритиш жараёнида агентлик ходимларининг ёзма саводхонлигини ошириш, имло ва тиниш белгиларига оид билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзбек адабий тилининг меъёрларига риоя қилиш кўникмаларини янада ривожлантиришдан иборат.
«Саводхон ташкилот – саводли жамият» шиори остида ташкил этилган ушбу тадбир агентлик ходимларининг давлат тилига бўлган эътиборини янада кучайтириш, она тилимизнинг нуфузини ошириш ва тил меъёрларига амал қилиш масъулиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирда Агентлик ходимлари фаол иштирок этиб, ўзларининг она тилидаги саводхонлик даражаларини синовдан ўтказдилар. Диктант жараёнида иштирокчиларнинг сўзларни тўғри ёзиши, грамматик ва имло қоидаларига амал қилиши, тиниш белгиларидан ўринли фойдаланиши ҳамда ёзма нутқ маданиятига эътибор қаратиши баҳоланди.
Бундай маърифий тадбирларнинг мунтазам ташкил этилиши агентлик ходимларининг ёзма нутқини такомиллаштириш, давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш ва жамиятда тилга ҳурмат руҳини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.





