"Ўзбеккосмос" агентлиги вакиллари Париждаги Халқаро космик саммитда иштирок этишди
2026-09-11 14:50:00 / Янгиликлар

9–10-сентабр кунлари Париждаги Гранд Палаис мажмуасида Франция Президенти Эммануэл Макрон ташаббуси билан илк Халқаро космик саммит бўлиб ўтди. Унда 90 та давлат ва халқаро ташкилот, 60 га яқин юқори даражадаги ҳукумат вакиллари, 1000 дан ортиқ космик компания ва 14 давлатдан 19 нафар таниқли астронавтлар иштирок этишди.
Саммитда "Ўзбеккосмос" агентлиги вакиллари ҳам иштирок этиб учрашув ва музокараларда қатнашишди. Мулоқотлар давомида илғор тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва космик соҳадаги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Юқори даражадаги иштирокчилар қаторида Руанда Президенти Пол Кагаме, Конго Республикаси Президенти Денис Сассу-Нгессо, Жибути Президенти Исмоил Умар Гелле, Греция Бош вазири Кириакос Митсотакис, Чехия Бош вазири Петр Фиала, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Леен, Европа Комиссияси ижрочи витсе-президентлари Хенна Вирккунен ва Стефан Сежоурне, шунингдек, Европа Иттифоқининг мудофаа ва космос масалалари бўйича комиссари Андрюс Кубилюс иштирок этмоқда.
Саммитнинг биринчи кунида Франция Президенти Эммануэл Макрон, Греция Бош вазири Кириакос Митсотакис, Чехия Бош вазири Петр Фиала ҳамда бошқа юқори мартабали расмийлар космик соҳанинг ривожланиши, халқаро ҳамкорлик, космик хавфсизлик ва Европанинг космик соҳадаги стратегик устувор йўналишларига бағишланган нутқлар билан сўзга чиқди. Биринчи кун доирасида, шунингдек, астронавтлар иштирокида давра суҳбати ўтказилиб, унда Эммануэл Макрон ҳам қатнашди.
Саммитнинг иккинчи кунида расмий дастур доирасида Франция Президенти Эммануэл Макрон ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Леен нутқ сўзлади. Шунингдек, Халқаро космик станция билан француз астронавти Софи Адено иштирокида жонли алоқа сеанси ташкил этилди ҳамда Европа космик агентлигининг тақдимоти намойиш қилинди.
Саммит доирасида “Тез ўзгараётган дунё учун янги космик макон”, “Космик хавфсизлик: Европадан жавоблар” ва “Келажакдаги космик инфратузилма ҳақидаги қарашлар” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. Бундан ташқари, “Африка етакчиларининг космосга оид қараши” мавзусида алоҳида давра суҳбати ташкил этилиб, унда Руанда Президенти Пол Кагаме иштирок этди.
Саммит давомида “Глобал космик иқтисодиёт”, “Хавфсизлик ва ҳамкорлик” ҳамда “Фан ва тадқиқотлар” йўналишлари бўйича параллел панель муҳокамалари ташкил этилди. Жумладан, Европа космик агентлиги Бош директори Жозеф Ашбахер иштирокида “Ўзгараётган космик муҳитда тарихий ташкилотларни трансформация қилиш” мавзусида панель муҳокамаси ўтказилди.
Шунингдек, саммитда 14 та давлатдан 19 нафар таниқли астронавт, жумладан Франциядан Тома Песке, Италиядан Саманта Кристофоретти ва Лука Пармитано, Германиядан Александр Герст ва Маттиас Маурер, Бирлашган Араб Амирликларидан Султон Ал-Неяди, Туркиядан Алпер Гезеравжи ва бошқалар иштирок этмоқда.
Саммит космик соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш, Европанинг космик соҳадаги рақобатбардошлиги ва стратегик мустақиллигини ошириш, янги технологияларни ривожлантириш ҳамда космик макондан тинч ва барқарор фойдаланиш бўйича умумий ёндашувларни шакллантириш учун муҳим халқаро платформа сифатида намоён бўлмоқда.






