"Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати натижаларига бағишланган очиқ мулоқот ва ватанпарварлик учрашуви” тадбири ташкил этилди
2026-08-27 15:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида "Ўзбеккосмос" агентлиги томонидан “Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати натижаларига бағишланган очиқ мулоқот ва ватанпарварлик учрашуви” тадбири ташкил этилди.
Тадбир "Ўзбеккосмос" агентлиги ва ёшлар космик клуби ArticularUZ ҳамкорлигида мактаб ўқувчилари учун ташкил этилган махсус тематик дастур билан давом этди.
Учрашув давомида ўқувчилар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсати, космик соҳанинг ривожланиши, замонавий технологиялар ва илм-фан ҳақида фикр алмашдилар. Шунингдек, ёшларнинг мамлакатнинг илмий ва технологик келажагини шакллантиришдаги ўрни ҳақида суҳбатлашилди.
Тадбирнинг энг қизиқарли қисмларидан бири космик семинар бўлди. Иштирокчилар жамоаларга бўлиниб, космик мавзуларда ишладилар, ўз ғояларини муҳокама қилдилар ва якунда натижаларини тақдим этдилар.
Мазкур жараёнда ўқувчилар нафақат космос ҳақидаги билимларини кенгайтирдилар, балки жамоада ишлаш, танқидий фикрлаш, мулоқот қилиш ва ўз фикрларини омма олдида ифодалаш кўникмаларини ҳам ривожлантирдилар.
Зеро, мустақил Ўзбекистоннинг келажаги - илмга қизиқадиган, янгилик яратишга интиладиган ва катта мақсадлар сари дадил қадам ташлайдиган ёшлар қўлида.





