Ўзбекистондан — космик муҳандислик сари: қизлар ShakthiSAT халқаро миссиясида иштирок этмоқда
2026-08-24 17:00:00 / Янгиликлар

Космик соҳа бугунги кунда бутун дунёдаги ёш мутахассислар учун тобора кўпроқ имкониятлар очмоқда. Халқаро космик лойиҳаларда иштирок этиш нафақат янги билимларни эгаллаш, балки келажакда коинотга йўл оладиган технологиялар билан бевосита ишлаш имконини ҳам бермоқда.
Mission ShakthiSAT халқаро ташаббуси иштирокчилари орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бор. Мазкур лойиҳа 108 та давлатдан қизларни бирлаштириб, уларга космик муҳандислик йўналишида амалий тажриба орттириш имкониятини яратмоқда.
Дастур доирасида иштирокчилар космик аппаратларни лойиҳалаш ва яратиш асослари билан танишади, муҳандислик ечимларини ўрганади ҳамда сунъий йўлдошни йиғиш ва интеграция қилиш билан боғлиқ амалий босқичларда иштирок этади. Бундай ёндашув назарий билимларни реал космик технологиялар билан боғлаш имконини беради.
Ўзбекистон вакиллари учун Mission ShakthiSAT лойиҳасидаги иштирок халқаро тажриба орттириш ва космик технологияларни яратиш жараёнини бевосита кузатиш ҳамда унда иштирок этиш имкониятига айланди.
Айни пайтда Ўзбекистон вакилларидан бири Ҳиндистонда бўлиб, сунъий йўлдош интеграциясининг амалий босқичида иштирок этмоқда. Эъзоза Эргашева ва Баходирова Дурдона Миссион ШактҳиСАТнинг расмий Амбассадорлари сифатида халқаро майдонда Ўзбекистонни намоён этмоқда.
Ўзбекистонлик қизларнинг ушбу ташаббусдаги иштирокини “Ўзбеккосмос” агентлиги қўллаб-қувватламоқда. Бундай лойиҳалар ёш мутахассисларга академик билимлар билан чекланиб қолмасдан, космик соҳада келгусидаги профессионал фаолият учун зарур бўлган амалий кўникма ва халқаро тажрибага эга бўлиш имконини беради.
Бугун улар алоҳида муҳандислик модуллари билан ишламоқда, сунъий йўлдошни яратиш жараёнининг муҳим босқичларини ўрганмоқда. Эртага эса ушбу тажриба Ўзбекистонда амалга ошириладиган янги космик лойиҳаларда иштирок этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
Космик соҳани ривожлантириш — бу фақат сунъий йўлдошлар, ракеталар ва ер усти инфратузилмасини яратиш дегани эмас. Аввало, мураккаб технологик тизимларни лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва бошқаришга қодир бўлган малакали кадрларни тайёрлаш муҳим.
Ўзбекистонлик ёш мутахассисларнинг Mission ShakthiSAT лойиҳасида иштирок этаётгани мамлакатимиз кадрлари бугуноқ халқаро космик ҳамжамиятнинг бир қисмига айланаётганини кўрсатади.
Илк муҳандислик билимларидан — сунъий йўлдош билан амалий ишлашгача.
Таълим дастуридан — ҳақиқий космик лойиҳагача.
Халқаро ташаббусдаги иштирокдан — мустаҳкам профессионал тажрибагача.
Эҳтимол, бугун Mission ShakthiSAT доирасида тажриба орттираётган қизлар орасида эртага Ўзбекистон байроғи остида янги сунъий йўлдошлар яратадиган муҳандислар, дастурчилар ва космик лойиҳалар раҳбарлари етишиб чиқади.






