“Ўзбеккосмос” агентлигида “Ёшлар сиёсати ва бошқарувда ёшлар иштироки куни” ташкил этилди
2026-08-20 16:00:00 / Янгиликлар

Ёшларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар ва давлат ташкилотлари ўртасида очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлигида “Ёшлар сиёсати ва бошқарувда ёшлар иштироки куни” ташкил этилди.
Мазкур тадбирда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар, космик технологиялар ва соҳага қизиқиши юқори бўлган фаол ёшлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир давомида ёшлар учун нафақат назарий билим, балки давлат бошқаруви ва қарорлар қабул қилиш жараёнларини амалий жиҳатдан кузатиш, соҳа мутахассислари билан мулоқот қилиш ҳамда ўз ташаббусларини илгари суриш имконияти яратилди.
Дастур доирасида:
ёшларнинг давлат хизматидаги ўрни ва бошқарув жараёнларида фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди;
ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қаратилган ташаббуслари ва истиқболли лойиҳаларини шакллантириш бўйича стратегик режалаштириш машғулотлари ўтказилди;
ёшларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, уларнинг фикр ва таклифларини амалиётга татбиқ этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди;
ёшлар учун давлат хизмати фаолияти билан яқиндан танишиш ва бошқарув жараёнларини “ичкаридан” кузатиш имкониятлари намойиш этилди;
космик соҳада ёшларнинг билим ва салоҳиятини қўллаш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда истиқболли ёшларни соҳага кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги иқтидорли ва ташаббускор ёшлар - эртанги куннинг малакали мутахассислари ва замонавий бошқарув кадрлари. Шу боис ёшларнинг фикрини тинглаш, уларга ўз ғояларини амалга ошириш учун имконият яратиш ва бошқарув жараёнларига фаол жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги ёшларнинг инновацион ғоялари, илмий салоҳияти ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни космик соҳа ривожига фаол жалб этиш йўлидаги ишларни изчил давом эттиради.






