"Инновациялар, сунъий интеллект ва робототехника куни" тадбири ташкил этилди
2026-08-06 15:35:00 / Янгиликлар

"Ўзбеккосмос" агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси ходимлари учун "Инновациялар, сунъий интеллект ва робототехника куни" тадбири ташкил этилди.
Тадбир доирасида Агентлик мутахассислари томонидан "Ўзбеккосмос" фаолияти, мамлакатимизда космик технологияларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, устувор йўналишлар ҳамда истиқболли лойиҳалар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида Ерни масофадан зондлаш технологиялари, сунъий йўлдош маълумотларидан самарали фойдаланиш, геоахборот тизимлари (ГИС), сунъий интеллект ечимлари ҳамда космик технологияларни давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Агентлик томонидан космик таълим экотизимини ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларни космик технологиялар, робототехника ва сунъий интеллект йўналишларига кенг жалб этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда яқин истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган йирик лойиҳалар тақдим этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, космик технологиялар ва сунъий интеллектнинг турли соҳалардаги амалий аҳамияти, уларни давлат бошқаруви ва ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш истиқболлари, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳамда инновацион ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.





