Ёш тадбиркорлар ва инноваторлар билан учрашув
2026-07-15 14:55:00 / Янгиликлар

“Ўзбеккосмос” агентлигида ёшларнинг инновацион ғоялари ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий-техник ишланмаларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш куни” ташкил этилди.
Тадбирда иқтидорли ёшлар томонидан космик технологиялар, геоахборот тизимлари, сунъий интеллект, рақамли ечимлар, муҳандислик ва бошқа инновацион йўналишларда ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳалар тақдим этилди. Иштирокчилар ўз ишланмалари, уларнинг амалий аҳамияти, бизнес модели, бозордаги эҳтиёжи ҳамда келгусидаги ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Лойиҳалар "Ўзбеккосмос" агентлиги соҳа мутахассислари томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилди. Муҳокамалар давомида тақдим этилган ғояларнинг техник жиҳатлари, амалий самарадорлиги, иқтисодий салоҳияти ҳамда уларни космик технологиялар билан интеграция қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, лойиҳа муаллифларига ўз ишланмаларини янада такомиллаштириш, стартап сифатида ривожлантириш, инвесторларни жалб этиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳамда лойиҳаларни амалиётга жорий этиш бўйича тегишли тавсия ва хулосалар берилди. Истиқболли лойиҳаларни кейинги босқичларда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ривожланишига кўмаклашиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мазкур тадбир ёш тадбиркорлар ва инноваторлар учун ўз ғояларини мутахассисларга тақдим этиш, амалий тавсиялар олиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.





