"Ўзбеккосмос" космик соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2026-07-09 17:05:00 / Янгиликлар

"Ўзбеккосмос" агентлигида Star.Vision, Oman Lens, Mars Development and Investments ҳамда UzOman компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар космик саноат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бошқа стратегик йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, атроф-муҳит мониторинги, шаҳарсозлик ва бошқа муҳим тармоқларда амалий вазифаларни ҳал этишда космик технологиялар ҳамда сунъий йўлдош маълумотларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур учрашув халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, инновацион космик ташаббусларни илгари суриш ҳамда барқарор ривожланиш ва технологик тараққиётга хизмат қилувчи истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.





