Тарих билан юзма-юз
2026-07-08 18:15:00 / Янгиликлар

“Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ёш ходимларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, уларда миллий қадриятлар ва бой тарихий меросимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички туризм куни” доирасида мунтазам равишда маданий-маърифий саёҳатлар ташкил этиб келинмоқда.
Навбатдаги саёҳат манзили Хоразм вилоятининг бебаҳо тарихий дурдонаси – Хива шаҳридаги Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси бўлди. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ушбу ноёб мажмуа Марказий Осиёда ўзининг асл тарихий қиёфасини сақлаб қолган энг қадимий ва бетакрор шаҳар-музейлардан бири ҳисобланади.
Саёҳат давомида Агентликнинг ёш ва иқтидорли ходимлари Кўҳна Арк, Калта Минор, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Жума масжиди, Тошҳовли саройи каби машҳур тарихий-меъморий обидаларни зиёрат қилдилар. Малакали гидлар ҳамроҳлигида улар Хиванинг асрлик тарихи, ўзига хос меъморчилик анъаналари, қадимий илм-фан ва ҳунармандчилик мактаблари, шунингдек, аждодларимиз яратган бой маданий мерос ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада юксалтириш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳини кучайтириш ҳамда жамоада ҳамжиҳатлик ва корпоратив маданиятни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги бундан буён ҳам ходимларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг тарихий меросимизни чуқур англашига хизмат қилувчи бундай маданий-маърифий ташаббусларни изчил давом эттиради.




