Креатив иқтисодиётга қандай солиқ имтиёзлари берилган?
2026-07-07 14:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи Президент Фармони билан айнан креатив парк резидентлари учун бир қатор муҳим солиқ имтиёзлари белгиланди.
ПФ–61-сон, 26.03.2025 йил
Ушбу имтиёзлар 2025 йил 1 майдан 2031 йил 1 январгача амал қилади ҳамда креатив соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий юкини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган:
Креатив парк резидентлари:
– ижтимоий солиқ;
– жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқ (ЖШОДС) амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди.
Бу имтиёз креатив индустрияда фаолият юритувчи корхоналарнинг меҳнатга оид харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Айланмадан олинадиган солиқни қўллаш ҳуқуқи
Креатив парк резидентлари товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан олинадиган даромад ҳажмидан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси сифатида фаолият юритиши мумкин.
Шу билан бирга, резидентлар ўз хоҳишига кўра умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтиш ҳуқуқига ҳам эга.
Креатив парк резидентлари кимлар ҳисобланади?
Креатив иқтисодиёт резидентлари (юридик ва жисмоний шахслар) қуйидаги йўналишларда фаолият юритиши мумкин:
– адабий ижод;
– амалий санъат ва ҳунармандчилик;
– архитектура, лойиҳалаштириш ва урбанистика;
– аудиовизуал санъати;
– ижрочилик санъати ва креатив ижод билан боғлиқ бошқа йўналишлар.
Эслатма: Ушбу солиқ имтиёзларидан фаолиятидан олаётган даромадининг 80 фоизи креатив иқтисодиёт йўналишига тегишли бўлган, фақат креатив парк резиденти мақомини олган юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартибда фойдаланиши мумкин. Креатив парк фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳам тасдиқланган.
