Журналист ва блогерлар Фарғона вилоятида олиб борилаётган космик мониторинг натижалари билан танишишди
2026-07-01 15:00:00 / Янгиликлар

“Ўзбеккосмос” агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун космик мониторинг технологияларининг ҳудудларни бошқаришдаги амалий самарадорлигига бағишланган медиа-тур ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади космик суратлар, геоахборот тизимлари ва сунъий йўлдош маълумотлари қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, экология ҳамда давлат бошқаруви соҳаларида қандай амалий натижалар бераётганини журналист ва блогерларга бевосита жойларда намойиш этишдан иборат бўлди.
Бугунги кунда космик мониторинг нафақат маълумот йиғиш воситаси, балки бошқарув қарорларини илмий асосда қабул қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришнинг муҳим инструментига айланмоқда. Фарғона вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар айнан шу ёндашувнинг амалий натижаларини намоён этмоқда.
Медиа-тур давомида журналистлар Қува туманидаги намунали интенсив боғлар фаолияти билан танишдилар. Ушбу боғлар Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи доирасида тақдим этилган замонавий боғдорчилик лойиҳалари ҳисобланади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари томонидан сунъий йўлдош тасвирлари орқали боғларнинг ривожланиш динамикаси, экин майдонлари ҳолати ҳамда вегетация кўрсаткичлари мунтазам мониторинг қилинмоқда. Бу эса боғларнинг самарадорлигини масофадан туриб баҳолаш, муаммоларни эрта аниқлаш ҳамда ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини бермоқда. Мазкур ёндашув мева етиштириш ҳажмини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, медиа-тур иштирокчилари Каркидон, Қўрғонтепа ва Марказий Фарғона сув омборларида амалга оширилаётган космик мониторинг ишлари билан ҳам танишдилар.
Мутахассислар томонидан батиметрик ўлчовлар ёрдамида сув омборларининг ҳақиқий сиғими аниқланмоқда. Ўнлаб йиллар давомида тўпланган лойқа оқизиқлар натижасида сув омборлари ҳажмининг қанчалик ўзгаргани илмий асосда баҳоланмоқда.
Радар сунъий йўлдош тасвирлари орқали тўғонларнинг деформация ҳолати, акватория динамикаси ҳамда сув сатҳининг ўзгариши мунтазам кузатиб борилмоқда. Бундай мониторинг гидротехник иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда сув ресурсларини самарали бошқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Медиа-тур давомида журналистларга дронлар, махсус қайиқлар ва замонавий геодезик ускуналар ёрдамида олиб борилаётган ўлчов ишлари ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, “Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари кесимида қишлоқ хўжалиги экинларининг сув истеъмоли ҳажмларини (эвапотранспиратсия) аниқлаш бўйича ҳам кенг кўламли дала ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида ОАВ вакилларига маълумот беришди.
Суғориш тармоқлари, гидромелиоратив иншоотлар ва каналлар тўғрисидаги маълумотлар йиғилиб, ҳар бир экин тури бўйича сув сарфи илмий методика асосида ҳисоблаб чиқилди. Якуний натижалар “Спаcе Water Monitoring” субплатформасига интеграция қилинмоқда.
Мазкур лойиҳа сув танқислиги шароитида ҳар бир гектар ернинг ҳақиқий сув эҳтиёжини аниқлаш, суғориш тизимини оптималлаштириш ҳамда сув ресурсларини адолатли тақсимлаш имконини яратмоқда. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигида сув тежамкор технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.
Медиа-турнинг яна бир йўналиши экологик мониторингга бағишланди. Мутахассислар ўримдан кейин сомон қолдиқларини ёқиш ҳолатлари сунъий йўлдош тасвирлари орқали тезкор аниқланаётганини намойиш этдилар.
Космик мониторинг ноқонуний ер ёқиш ҳолатларини қисқа вақт ичида аниқлаш, атмосфера ҳавосининг ифлосланишини назорат қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда миллионлаб сўмлик иқтисодий зарарларнинг олдини олиш имконини бермоқда.
Журналистларга реал космик тасвирлар асосида аниқланган ҳолатлар ҳамда уларнинг экологик оқибатлари батафсил тушунтирилди.
Медиа-тур доирасида Фарғона вилояти ташкилотлари мутахассислари учун “Спаcе Gov Monitoring” (СГМ) платформасидан фойдаланиш бўйича амалий тренинг ҳам ташкил этилди. Аввал Тошкент шаҳрида малака оширган мутахассислар платформадан амалий фойдаланиш кўникмаларини янада мустаҳкамладилар.
Мазкур платформа орқали маҳаллий давлат бошқаруви органлари космик маълумотлардан кундалик фаолиятида фойдаланмоқда. Натижада қарор қабул қилиш тезлашмоқда, бюрократик жараёнлар қисқармоқда ҳамда ҳудудларни бошқаришда рақамли таҳлил имкониятлари кенгаймоқда.
Медиа-тур давомида барча лойиҳалар бўйича мутахассислар журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб бериб ўтдилар. Хусусан, космик мониторинг натижалари, геоахборот платформалари, сунъий йўлдош тасвирлари ва интерактив хариталар реал вақт режимида намойиш этилди.
Бу эса оммавий ахборот воситалари вакилларига космик технологияларни нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам чуқур тушуниш имконини берди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати









