Қашқадарёда аэрокосмик технологияларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди
2026-06-28 12:40:00 / Янгиликлар

“Ўзбеккосмос” агентлигида Қашқадарё вилояти ва туманлар ҳокимларининг рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчилари билан ишчи учрашув ўтказилди.
Мазкур тадбир аэрокосмик технологияларни жорий этиш орқали иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш имкониятлари билан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув давомида “Ўзбеккосмос” агентлигида соҳалар кесимида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот бериб ўтилди. Жумладан, агентликнинг СГМ платформасида қишлоқ хўжалиги (экин турлари), сув хўжалиги (сув истеъмоли ҳажми), геология (ноқонуний норуда қазилмалар), экология (дала ёнғини) ҳамда ер муносабатлари (ноқонуний қурилишлар) соҳасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.
Шу билан бирга, тадбирда соҳада мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.


