Давлат хизмати куни арафасида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди
2026-06-23 12:05:00 / Янгиликлар

23 июнь – Давлат хизмати куни муносабати билан “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ёшлар ўртасида давлат хизмати нуфузини ошириш, уларнинг касбий қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда келажакда малакали давлат хизматчиларини тайёрлаш мақсадида “Мен келажакда давлат хизматчиси бўламан” мавзусида қатор учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувлар давомида агентлик мутахассислари томонидан давлат хизматида фаолият юритишнинг аҳамияти, давлат хизматчилари олдида турган масъулиятли вазифалар, замонавий бошқарув тизимида ёш кадрларнинг ўрни ҳамда космик технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, давлат бошқаруви тизимида фаолият юритиш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар ҳақида фикр алмашдилар.
Бундай тадбирлар ёш авлоднинг Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, уларни фаол фуқаролик позициясига эга бўлишга ундаш ҳамда келажакда мамлакатимиз равнақига хизмат қиладиган етук мутахассислар этиб тарбиялашга хизмат қилади.






