“Волонтёрлик маданиятини шакллантириш куни” ташкил этилди
2026-06-18 16:15:00 / Янгиликлар

“Ёшлар ойлиги” доирасида “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан “Волонтёрлик маданиятини шакллантириш куни” тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлаш ҳамда жамият тараққиётида уларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида амалга оширилди.
Бугунги кунда волонтёрлик ҳаракати нафақат беғараз ёрдам кўрсатиш воситаси, балки ёшларни ватанпарварлик, жамоада ишлаш, лидерлик ва ташаббускорлик руҳида тарбиялашнинг самарали механизми ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, тадбир давомида волонтёрлик фаолиятининг жамиятдаги ўрни, унинг ёшларнинг шахсий ва касбий ривожланишига қўшадиган ҳиссаси ҳамда ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбирда волонтёрлик маданиятини ривожлантириш орқали ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларни ижтимоий ташаббусларни илгари суришга рағбатлантириш ҳамда келажакда масъулиятли ва фаол фуқаролар сифатида шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Волонтёрлик маданиятини шакллантириш куни” ёшларнинг ижтимоий бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик қадриятларига содиқлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимиз тараққиётига дахлдорлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилди.






