Ўзбеккосмос ва SMC халқаро экологик кўргазмада
2026-06-03 12:25:00 / Янгиликлар

2–4-июн кунлари Самарқанддаги Silk Road Samarkand мажмуасининг EXPO CENTER кўргазма марказида “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмаси ўтказилмоқда.
Унда Ўзбеккосмос агентлиги ҳамда Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази ўзининг махсус стенди билан иштирок этмоқда.
Кўргазмада сунъий йўлдош маълумотлари, геоахборот тизимлари, дрон мониторинги ва сунъий интеллект асосидаги замонавий ечимлар намоиш этилмоқда. Ушбу технологиялар экология, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, ўрмон хўжалиги ва инфратузилма соҳаларида самарали мониторинг олиб бориш имконини яратади.
Стендга ташриф буюрувчилар учун қуйидаги йўналишлар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилмоқда:
- Чиқиндихоналарни мониторинг қилиш
- Яшил ҳудудларни рақамлаштириш
- Дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатларини аниқлаш
- Ўрмон фонди ерларини харталаш
- Ўрмон ёнғинлари хавфини кузатиш
- Қишлоқ хўжалиги ерларини рақамлаштириш
- Экин майдонлари ҳолатини мониторинг қилиш
- Сув ресурсларидан фойдаланишни таҳлил қилиш
- Сув омборлари ва муҳим инфратузилма объектларини кузатиш
Марказнинг мазкур кўргазмадаги иштироки экологик хавфларни эрта аниқлаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, ҳудудлар ҳолатини замонавий рақамли технологиялар орқали таҳлил этиш ҳамда давлат органлари ва хусусий сектор учун аниқ маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.



