“Ўзбеккосмос" агентлигида ёшлар билан очиқ мулоқот
2026-05-14 17:15:00 / Янгиликлар

“Ўзбеккосмос" агентлигида ёшлар билан очиқ мулоқот ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” лойиҳаси мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Навбатдаги учрашув Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари билан ташкил этилди.
Тадбирда талабаларга космик технологиялар, сунъий йўлдош тизимлари, геоахборот технологиялари, масофадан зондлаш, рақамли инновациялар ҳамда ушбу йўналишларда ёшлар учун яратилаётган таълим ва касбий ривожланиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ёшларни космик ва ахборот технологиялари соҳаларига кенг жалб этиш, инновацион ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда мавжуд салоҳиятни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда олий таълим муассасаларида фаолият юритувчи “Спаcе Club”ларнинг ҳозирги фаолияти, истиқболли лойиҳалари ҳамда талабаларни ушбу ташаббусларга фаол жалб қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган очиқ мулоқот ва давра суҳбатларида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан батафсил ва асосли жавоблар олдилар.
Учрашув самимий, очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтди. Бу эса ёшларнинг космик соҳа ва замонавий технологияларга бўлган қизиқишини янада ошириш ҳамда уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.








