“Ўзбеккосмос” агентлиги “Chinа Space Day 2026” халқаро форумида
2026-04-24 17:50:00 / Янгиликлар

“Ўзбеккосмос” агентлиги делегацияси Хитойнинг космик соҳадаги энг йирик ва нуфузли тадбирларидан бири “Chinа Space Day 2026” халқаро форумида иштирок этмоқда.
Ушбу тадбир илк бор 2016 йилда ташкил этилган ҳамда ҳар йили 24 апрель – Хитойнинг биринчи сунъий йўлдоши “Донг Fang Hong-1” учирилган сана муносабати билан ўтказиб келинади.
Халқаро космик ҳамжамият учун муҳим платформага айланган мазкур тадбир доирасидаги кўргазма ва илмий конференциялар кўплаб ташкилотларнинг нуфузли экспертлари ва мутахассислари, давлат ва хусусий сектор вакилларини бирлаштиради. Бу йилги тадбирда космик саноатнинг долзарб йўналишлари – сунъий йўлдош технологиялари, масофадан зондлаш, космик маълумотлардан фойдаланиш, стартаплар ва инновацион ишланмалар кенг муҳокама қилинмоқда.
“Ўзбеккосмос” агентлиги вакилларининг ушбу глобал ҳамкорлик платформасидаги иштироки миллий космик саноатни янада ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Ташриф дастуридан Хитойнинг илғор технологияларини ўрганиш, айниқса, ерни масофадан зондлаш бўйича сунъий йўлдошлар, геоахборот тизимлари ва агротехнологиялар учун космик маълумотлардан фойдаланиш юзасидан тажриба алмашиш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича Хитойнинг давлат ва хусусий сектор вакиллари билан музокаралар олиб бориш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, мазкур форум доирасида халқаро космик ҳамжамият вакиллари учун 2028 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган 79-Халқаро астронавтика конгрессини кенг тарғиб қилиш, ҳамкор ва ҳомийларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.




