БМТнинг Космосдан тинч мақсадларда фойдаланиш қўмитаси (COPUOS) Юридик қуйи қўмитасининг 65-сессиясида мамлакатимиз манфаатлари биринчи марта ифода этилди
2026-04-23 16:35:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистон космик соҳада халқаро интеграция ва ҳуқуқий дипломатияни фаол ривожлантириб келмоқда. Бу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтказилган БМТнинг Космосдан тинч мақсадларда фойдаланиш қўмитаси (COPUOS) Юридик қуйи қўмитасининг 65-сессиясида Uzcosmos агентлиги томонидан мамлакатимиз манфаатлари биринчи марта ифода этилганини келтириш мумкин.
Мазкур иштирок Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14-октабрдаги ПФ–155-сонли фармони билан тасдиқланган 2024–2026 йилларга мўлжалланган космик соҳани ривожлантириш йўл харитаси доирасида амалга оширилди. Бу эса мамлакатнинг космик дипломатия ва халқаро космик ҳуқуқ тизимидаги ўрнини янги босқичга олиб чиқди.
COPUOS Юридик қуйи қўмитасининг 65-сессияси доирасида космик фаолиятни тартибга солишга оид халқаро ҳуқуқий масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, соҳани халқаро нормалар асосида тартибга солиш, БМТ космик шартномаларининг ижроси, космик объектлар учун жавобгарлик масалалари ва миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш каби мавзуларга тўхталиб ўтилди.
Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатнинг космик соҳадаги давлат сиёсати ва ислоҳотлари тақдимот қилинди. Унда космик соҳани давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланиши, норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши, космик технологияларни иқтисодиётга жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга доир масалалар қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, 2028 йил Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро космик конгресс (IAC)га тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам ахборот берилди. Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди.
Мамлакатимиз делегациясининг COPUOS Юридик қуйи қўмитасининг 65-сессиясидаги иштироки Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлди. У орқали мамлакатимиз халқаро космик ҳуқуқ муҳокамаларига қўшилди, миллий космик сиёсат глобал майдонга олиб чиқилди ва халқаро тажриба асосида ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш имконияти яратилди.


