Наманганда ёш муҳандислар куч синашди
2026-04-22 11:45:00 / Янгиликлар

Технология, робототехника, инновация ва ҳатто астронавтикага қизиқаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Uzcosmos агентлиги томонидан “Ёш муҳандис” республика танловининг Наманган вилояти ҳудудий босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Танлов Uzcosmos агентлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда IT Park Наманган ҳамкорлигида ташкил этилди.
28 февралдан бошлаб қабул қилинган аризалар асосида 11 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар 100 га яқин жамоа таркибида 200 дан ортиқ инновацион муҳандислик лойиҳалари билан иштирок этди.
18 апрель куни Наманган шаҳридаги IT Park биносида бўлиб ўтган ҳудудий босқичда эса 70 дан ортиқ жамоа ўзаро беллашиб, амалий ва замонавий ечимлари билан барчанинг эътиборини тортди.
Тажрибали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир лойиҳани синчковлик билан баҳолаб, энг истиқболли ва келажаги порлоқ ғояларни саралаб олди.
Якуний натижаларга кўра, 26 нафар энг кучли иштирокчи финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
