Космик технологиялар ривожида стандартларнинг ўрни
2026-04-22 14:45:00 / Янгиликлар

Бугунги глобаллашув ва рақамли трансформация даврида космик технологиялар нафақат илм-фан, балки иқтисодиёт, экология, қишлоқ хўжалиги ва миллий хавфсизликнинг муҳим таркибий қисмига айланиб бормоқда. Айниқса, 2024–2026 йилларда ушбу соҳада ишлаб чиқилган ва тасдиқланган стандартлар Ўзбекистон космик саноатининг янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур жараёнда Ўзбеккосмос агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Агентлик фаолиятида стандартлаштириш жараёни космик технологияларни амалиётга самарали жорий этиш, уларнинг аниқлиги, хавфсизлиги ва халқаро талабларга мослигини таъминлашда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
2024–2026 йилларга мўлжалланган аэрокосмик технологияларни иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш бўйича қабул қилинган дастур ва норматив ҳужжатлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Ушбу даврда космик мониторинг, масофадан зондлаш, геоинформацион таҳлил, сунъий йўлдош маълумотларини қайта ишлаш ҳамда улардан давлат бошқарувида фойдаланиш бўйича янги стандартлар ва меъёрий асослар шакллантирилди.
Стандартларнинг энг муҳим жиҳати — бу маълумотларнинг ягона форматда йиғилиши ва қайта ишланишидир. Масалан, ер ресурслари, сув омборлари, ўрмон хўжалиги, экологик мониторинг ва ноқонуний қурилишларни аниқлашда қўлланилаётган космик суратлар айнан белгиланган техник стандартлар асосида таҳлил қилинади. Бу эса турли вазирлик ва идоралар ўртасида маълумот алмашинуви жараёнини тезлаштиради.
Ўзбеккосмос агентлиги фаолиятида стандартлар, аввало, давлат космик мониторинги тизимини такомиллаштириш учун муҳим платформа вазифасини бажармоқда. 2024 йилда агентлик томонидан аниқланган эҳтимолий қонунбузарлик ҳолатлари космик мониторинг орқали аниқлангани бу тизим самарадорлигининг яққол исботидир.
Шунингдек, мазкур стандартлар халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам катта роль ўйнамоқда. Космик фаолият соҳасидаги қонунчиликнинг мустаҳкамланиши, халқаро космик ҳуқуқ меъёрларига мослашиш ва хорижий ташкилотлар билан технологик интеграция қилиш имкониятлари кенгайди. Айниқса, 2025 йилда қабул қилинган “Космик фаолият тўғрисида”ги Қонун ушбу йўналишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Келгусида 2026 йилгача ишлаб чиқилаётган стандартлар асосида қишлоқ хўжалиги мониторинги, сув ресурсларини бошқариш, экологик назорат ва табиий офатларнинг олдини олиш бўйича янги рақамли ечимлар жорий этилиши кутилмоқда. Бу эса “Ўзбеккосмос” агентлигининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги стратегик ролини янада мустаҳкамлайди.
Бир сўз билан айтганда космик технологиялар соҳасидаги стандартлар — бу шунчаки техник ҳужжатлар эмас, балки инновацион ривожланишнинг мустаҳкам пойдеворидир. Улар орқали Ўзбекистон космик салоҳиятини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий бошқарув тизимини яратиш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Маълумот учун: космик соҳада стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни Ўзбекистон стандартлар институтининг http://uzsti.uz расмий веб сайтидан юклаб олишингиз мумкин.
