Uzcosmos ҳамда Агробанк ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди
2026-04-20 10:05:00 / Янгиликлар

Меморандум қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни, хусусан, космик мониторинг ва рақамли ечимларни кенг жорий этиш орқали соҳа самарадорлигини оширишга қаратилган. Бу йўналишда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экинлар ҳолатини доимий мониторинг қилиш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ҳамда инновацион ечимларни кенг қўллаш режалаштирилган.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-99-сонли қарори ижросини таъминлаш доирасида қабул қилинди.
Ҳамкорлик доирасида космик суратлар асосида ер ва экинларни таҳлил қилиш, геоахборот тизимлари (ГИС)ни ривожлантириш, рақамли платформалар яратиш, таҳлилий маълумотлар базасини шакллантириш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш кўзда тутилган.
Ушбу ҳамкорлик қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва рақамли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштиришга хизмат қилади.

