Инсониятнинг коинотга илк қадамига 65 йил
2026-04-12 01:15:00 / Янгиликлар

1961 йил 12 апрель. Юрий Гагарин инсоният тарихида илк бор коинотга парвоз қилди. Шу кундан бошлаб, космос орзу эмас – мақсадга айланди.
Коинотни тадқиқ этиш инсониятнинг энг буюк орзуларидан биридир. Бугун космик технологиялар фан, иқтисодиёт ва инновацияларнинг муҳим драйверига айланиб, давлатлар тараққиётида стратегик аҳамиятга эга бўлмоқда.
Мамлакатимизда астрономия ва фалакиёт илмининг чуқур илмий анъаналари мавжуд. Буюк алломаларимиз Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Фаробий, Фарғоний каби мутафаккирлар бир неча асрлар оша осмон жисмларининг ҳаракати ва коинот тузилиши ҳақида фундаментал тадқиқотлар олиб борган. Уларнинг илмий мероси бугун ҳам инсониятни янги кашфиётлар сари илҳомлантириб келмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда космик фаолиятни ривожлантиришга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида миллий сунъий йўлдошни яратиш ва Ўзбекистоннинг биринчи фазогирини орбитага чиқариш бўйича ишлар бошланганини маълум қилганди. Бу эса мамлакатимиз космик технологиялар соҳасида янги босқичга қадам қўяётганидан далолат беради.
Жорий йил 16 февраль куни Президент ҳузурида ўтган тақдимотда илмий-технологик салоҳиятни ошириш доирасида биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислик жамоасини шакллантириш, 2028йилда “Мирзо Улуғбек” номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш таклиф қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни фазога учириш стратегик вазифа сифатида белгиланиб, қисқа муддатга – 10-14 кунлик парвозга тайёрлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
“Бу шунчаки рамзий қадам эмас, балки мамлакатимиз илмий салоҳияти, ёшларимиз орзуси ва миллий ғуруримиз ифодаси бўлади”,– дея таъкидлаганди Давлатимиз раҳбари.
Инсоният тарихидаги биринчи парвоз
1961 йил 12 апрель инсоният тарихида фан ва технология тараққиётини мутлақо янги босқичга олиб чиққан унутилмас сана сифатида эътироф этилади. Айнан шу куни Собиқ Иттифоқ космонавти Юрий Алексеевич Гагарин инсоният тарихида биринчи бўлиб коинотга парвоз қилди. У “Восток” космик кемасида Қозоғистон ҳудудида жойлашган “Байқўнғир” космодромидан старт олиб, Ер шари атрофида 108 дақиқа давом этган орбитал парвозни амалга оширди. Шу тариқа инсоният илк бор сайёрамиз чегараларидан ташқарига чиқиб, коинотни амалий тадқиқ этиш имкониятига эга бўлди.
Бу тарихий воқеа нафақат космонавтика соҳасида, балки бутун инсоният цивилизацияси ривожида янги даврни бошлаб берди. Зеро, Гагарин парвози фазони ўзлаштириш йўлидаги кенг кўламли илмий тадқиқотлар ва технологик ютуқларга асос солди.
Мазкур сананинг аҳамиятини эътироф этган ҳолда, 2011 йил
7 апрель куни БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюция қабул қилиб, 12 апрелни Халқаро инсоннинг космосга биринчи парвози куни сифатида нишонлашни расман белгилади.
Космонавтика – илм-фан ва технологиялар тараққиёти омили
Космик тадқиқотлар инсониятнинг коинот ҳақидаги тасаввурларини тубдан ўзгартирди. Айни пайтда космонавтика нафақат астрономия ва астрофизика, балки тиббиёт, биология, материалшунослик, геология, атмосфера физикаси каби кўплаб илм-фан соҳаларининг ривожланишига катта туртки берди.
Космик технологиялар замонавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Масалан, ерни масофадан туриб зондлаш, сунъий йўлдош навигацияси, глобал алоқа тизимлари, рақамли телевидение, интернет тармоқлари, онлайн маълумот алмашиш каби имкониятлар космик тадқиқотлар натижасида пайдо бўлди. Бугунги кунда транспорт логистикаси, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, геология, ер муносабатлари, иқлим ўзгаришларини мониторинг қилиш, табиий ресурсларни бошқариш каби соҳаларда ҳам космик маълумотлардан кенг фойдаланилмоқда.
Ўзбекистон ва космонавтика тарихи
Ўзбекистоннинг космик тадқиқотлар тарихи билан ҳам бевосита боғлилиги мавжуд.Жумладан, “Бўйқўнғир” космодромини қуриш ишларида кўплаб ўзбекистонлик мутахассислар иштирок этган.
Ўша даврда республикадан алоқачилар, муҳандислар, қурилиш мутахассислари ва бошқа кадрлар ушбу стратегик объектни барпо этишда муносиб ҳисса қўшган.
Фазони тадқиқ этишда Ўзбекистонда туғилган космонавтларнинг ҳам ўрни алоҳида. Хусусан, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, авиация генерал-майори Владимир Александрович Джанибеков беш маротаба космик парвозни амалга оширган энг тажрибали космонавтлардан бири ҳисобланади. У космосда жами 145 кундан ортиқ вақтни ўтказган. Унинг шарафига 3170-сонли кичик сайёрага ҳам номи берилган. Аҳамиятлиси, пойтахтимиздаги Космонавтлар метро бекати ёнида Джанибеков бюсти ўрнатилган.
Шунингдек, Россия Федерацияси ва Қирғизистон Қаҳрамони, дунёнинг 372-космонавти Солижон Шакирович Шарипов ҳам фазони тадқиқ этишда муносиб иштирок этган. У бир неча космик экспедицияларда қатнашиб, илмий тажрибалар ўтказган ва очиқ фазода ҳам фаолият олиб борган.
Янги босқич: миллий космик тараққиёт
Мамлакатимизда космик технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2019 йил 30 август куни қабул қилинган фармонга мувофиқ,Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги – “Ўзбеккосмос” агентлиги ташкил этилди.
Бугунги кунда агентлик ерни масофадан зондлаш маълумотлари асосида қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари бошқаруви, ер муносабатлари, ўрмон хўжалиги, экология ва геология соҳаларида космик мониторинг ишларини амалга оширмоқда. Бу маълумотлар давлат органларига табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, экологик муаммоларни барвақт аниқлаш ва иқтисодий қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, “Ўзбеккосмос” агентлигидунёдаги етакчи космик агентликлар ва компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда. Улар орасида Airbus (Франция), Maxar (AҚШ), SpaceX (AҚШ), OneWeb (Буюк Британия), SSI Monaco (Монако), Synspective (Япония), Esri (AҚШ), BlackSky (AҚШ), SpaceBuzz (AҚШ) ва бошқалар каби дунёдаги етакчи космик компаниялари бор. Шу билан бирга, Озарбайжон (Azercosmos), Туркия (TUA), Бирлашган Aраб Aмирликлари (БAA космик агентлиги), Қозоғистон (Aерокосмик қўмита), Франция (CNES), AҚШ (NASA), Хитой (CNSA), Япония (JAXA), Корея (KARI) каби давлатларнинг космик агентликлари билан ҳам икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Космос – келажак иқтисодиёти
Бугунги кунда космик индустрия жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган соҳаларидан бирига айланмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтда глобал космик бозор ҳажми 500 миллиард доллардан ошган. Таҳлилчилар прогнозларига кўра, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 1 триллион долларга, 2035 йилга келиб эса 2 триллион долларга етиши мумкин.
Замонавий рақамли технологиялар, сунъий интеллект, навигация тизимлари, “ақлли шаҳар” концепциялари ва роботлаштирилган тизимлар ривожланиб борар экан, космик маълумотлар ва хизматларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.
Агентлик космик соҳада кадрлар тайёрлашборасида ҳам кўплаб таълим лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ёшлар ўртасида катта қизиқиш билан қабул қилинган “CanSat”, “Ёш муҳандис” танловлари, Act In Space ва NASA Space Apps Challenge халқаро хакатонлари ҳамда робототехника, астрономия ва кичик сунъий йўлдошларни яратишга ихтисослаштирилган қисқа муддатли “Cosmic Camp” ёзги космик оромгоҳи дастурлари йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, коинотни тадқиқ этиш ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш инсоният тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга. Космонавтика нафақат илмий билимларни бойитади, балки иқтисодий ривожланиш, технологик инновациялар ва глобал муаммоларни ҳал этишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шу муносабат билан 12 апрель – Халқаро космонавтика куни муносабати билан авиация ва космик соҳада меҳнат қилаётган барча мутахассислар, олимлар, муҳандислар ҳамда фазогир-учувчиларни самимий муборакбод этамиз. Коинотни ўрганишдек шарафли ва масъулиятли йўлда барчангизга янги ютуқлар ва улкан кашфиётлар тилаймиз.
