Тошкент Марказий Евросиё космик мулоқот марказига айланди
2026-04-02 10:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон мезбонлик қилган Space Technology Conference 2026 халқаро анжумани космик технологиялар соҳасидаги энг йирик минтақавий платформалардан бирига айланди. Ушбу тадбир нафақат илмий ва технологик мулоқот майдони балки глобал космик ҳамжамият вакилларини бирлаштирган стратегик ҳамкорлик нуқтаси сифатида ҳам катта аҳамият касб этди.
Анжуманда 500 нафарга яқин делегатлар иштирок этишди. Уларга Россия, Хитой, АҚШ, Франция, Япония, Жанубий Корея Ҳиндистон, Уммон султонлиги, Сингапур, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Покистон Мянма каби давлатларнинг космик агентликлари ва тегишли ташкилотларини келтиришимиз мумкин.
Қолаверса, жаҳон космос бозорида ўз ўрнига эга бўлган 40 га яқин хорижий компаниялар, жаҳон космик индустриясининг етакчи ўйинчилари ҳам қатнашишди. Хусусан, “Axiom Space”, “Planet Labs”, “Capella Space”, “Hydrosat”, “VAST”, “Octave”, “Star.Vision”, “China Academy of Space Technology”, “Kratos Defense”, “Airbus”, “Eutelsat”, “Synspective”, “Orbitworks”, “Nara Space”, “Oman Lens”, “4iGSpace&Defense Technologies”, “Türksat”, “Intersputnik”, “Kacific”, “Kazakh Engineering”, “SES” шулар жумласидандир.
Халқаро анжуман доирасида 100 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Уларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.
Шунингдек, учта давлат — Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан махсус брифинглар ташкил этилиб, миллий космик дастурлар, инвестицион имкониятлар ва келгуси режалар тақдимот қилинди.
Анжуманда учта йирик халқаро ташкилот раҳбарларининг ташрифи алоҳида аҳамият касб этди:
- Халқаро астронавтика федерацияси ижрочи директори Кристиан Файхтингер (IAF)
- Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев (OTG)
- Осиё-Тинч океани космик ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби JIANG Hui (АPSCО)
Бу ташкилотлар иштирокидаги мулоқотлар минтақавий ва глобал ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имкониятини яратди.
Қолаверса, конференция доирасида яна бир муҳим тадбир — қурғоқчиликни космик мониторинг қилиш бўйича Марказий Осиё ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Унда ёш мутахассислар ва тадқиқотчилар иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги, қишлоқ хўжалиги мониторинги каби кўплаб долзарб масалаларни космик технологиялар орқали ҳал қилиш имкониятларини муҳокама қилишди. Бу форум ёшларни космик соҳага жалб қилиш ва инновацион фикрлашни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Шу билан бирга, Space Technology Conference 2026 халқаро анжумани доирасида дунёга машҳур астронавтлар — Michael López-Alegría ва Alper Gezeravcı ташриф буюрди. Уларнинг иштироки тадбир нуфузини янада ошириб, космик соҳадаги амалий тажриба ва илмий ютуқларни бевосита тинглаш имконини яратди.
Michael López-Alegría — NASA нинг энг тажрибали астронавтларидан бири ҳисобланиб, шу кунгача 6 та космик миссияда қатнашган, космосда 296 кундан ортиқ вақт ўтказиб, 10 марта очиқ космосга чиқишга сазовор бўлган, бу НАСАнинг мутлақ рекордидир.
Alper Gezeravcı — Туркия тарихидаги илк астронавт сифатида танилган. Унинг парвози нафақат шахсий ютуқ, балки бутун мамлакат учун рамзий аҳамиятга эга бўлган. Унинг миссияси миллий космик дастурларни ривожлантиришга туртки берди
Space Technology Conference 2026 нафақат конференция, балки Марказий Осиёнинг космик келажагини белгилаб берувчи муҳим воқеага айланди. Тошкент бугунги кунда космик технологиялар ва инновациялар чорраҳасига айланиб бораётганини ушбу анжуман яна бир бор намоён қилди. Ушбу тадбир якунлари шуни кўрсатадики, яқин йилларда минтақа космик соҳада янада фаол иштирокчилардан бирига айланиши мумкин.
Ўзбеккосмос агентлиги Ахборот агентлиги









