Космик соҳанинг жорий ҳолати ва истиқболдаги ривожлантириш йўналишлари таҳлил марказида
2026-03-18 17:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 18 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида космик соҳа олдига қўйилган вазифалар ижроси ҳолатини чуқур таҳлил қилишга бағишланган “Космик соҳанинг жорий ҳолати ва истиқболдаги ривожлантириш йўналишлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, “Ўзбеккосмос” агентлиги, Фанлар Академияси масъуллари, олимлар, олий таълим муассасалари тадқиқотчилари, соҳа мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида сўнгги йилларда Ўзбекистонда космик технологияларни иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, космик соҳадаги қонунчилик базаси мустаҳкамланаётгани муҳокама марказида бўлди.
Бу борада олиб борилаётган изчил ишлар натижасида космик маълумотлардан фойдаланиш амалиёти янги босқичга кўтарилмоқда.
Хусусан, Ерни масофадан зондлаш маълумотлари асосида қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, ер кадастри ва шаҳарсозлик соҳаларида аниқ таҳлиллар олиб бориш имкониятлари кенгайди.
Амалиётда сунъий йўлдош тасвирлари орқали сув омборлари ҳолатини кузатиш, ер майдонларининг ўзгаришини баҳолаш ҳамда фавқулодда ҳолатларни тезкор аниқлаш тизимлари жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, космик соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича ҳам қатор муҳим қадамлар ташланди. Сўнгги йилларда соҳани ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, институционал база мустаҳкамланди. Бу эса космик технологияларни жорий этишда тизимли ёндашувни таъминлаб, давлат органлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга
ва халқимизга йўллаган сўнгги Мурожаатномасида космик соҳага алоҳида эътибор қаратилиши ушбу йўналишда янги стратегик босқич бошланганини англатади.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон тарихида илк бор сунъий йўлдош учириш ҳамда биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни фазога учириш стратегик вазифа сифатида белгиланди.
Бу борада халқаро ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, етакчи космик агентликлар билан ҳамкорлик форматлари кўриб чиқилмоқда. Бу ташаббус нафақат рамзий аҳамиятга эга. Миллий фазогир – бу ёшлар учун кучли мотивация, илм-фанга қизиқишни ошириш, мамлакат имижини мустаҳкамлаш омилидир.
Космонавтни фазога учириш аниқ илмий дастурни амалга ошириш билан узвий боғлиқ бўлади. Зеро, бу ютуқ мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириши билан бирга илмий салоҳиятни ривожлантириш, янги лойиҳа ва технологик ташаббусларнинг пайдо бўлиши, ёшларнинг фан
ва технологияларга қизиқиши ортишига хизмат қилади.
Албатта, ушбу ташаббусларни амалга оширишда қонунчилик базасининг мустаҳкамлиги муҳим аҳамият касб этади. Давра суҳбати давомида соҳадаги амалий натижалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари, шунингдек, қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар якунида космик соҳани янада ривожлантириш, Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, соҳада тизимли ёндашувни кучайтириш ҳамда қонунчилик ва институционал асосларни такомиллаштиришга қаратилган қатор амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.









