Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигига матбуот котиби тайинланди
2026-03-11 10:30:00 / Янгиликлар

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига Назаров Акмал Нариманович тайинланди. Тайинлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази билан келишилган ҳолда амалга оширилди.
А.Н. Назаров 2004 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультети бакалавриат босқичини, 2007 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультети Жамоатчилик билан алоқалар йўналиши бўйича магистратура босқичини тамомлаган.
У фаолиятини 2004 йилда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида шарҳловчи лавозимида бошлаб, кейинчалик “Пойтахт ФМ” радиосида янгиликлар муҳаррири, “Банк ахборотномаси” газетаси мухбири, бош муҳаррири, “Бозор, пул ва кредит” журнали Инновациялар бўлими муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. 2018-2019 йилларда Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармасида катта инспектор, бош инспектор бўлиб фаолият юритган.
Тайинловга қадар А.Н. Назаров 2020 йилдан 2025 йилнинг май ойига қадар Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори, 2025-йилнинг май ойидан Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг матбуот котиби сифатида ишлаб келган.
