Тошкентда Space Technology Conference –2026 халқаро конференцияси бўлиб ўтади
2026-03-10 12:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги мезбонлигида Тошкентда 30-мартдан
1-апрелгача “Space Technology Conference – Central Eurasia 2026” (SТC 2026) халқаро конференцияси ўтказилади. Бу тадбир Марказий Евроосиё ҳудудидаги космик технологиялар тармоғининг энг йирик мулоқот платформаси ҳисобланади.
Ушбу конференсиянинг бу йил 5 йиллик юбилейи бўлиб, 2022-2023-йилларда Тошкентда, 2024-йилда Анқарада, 2025-йилда эса Боку шаҳрида ўтказилган. Бу йил Ўзбекистон яна мезбон давлат сифатида анжуманни қабул қилмоқда. Мазкур тадбир минтақадаги космик ҳамкорлик ва саноат интегратсиясининг мустаҳкамланиш белгиси ҳисобланади.
“SТC 2026” нафақат Марказий Евроосиё ҳудудининг, балки бутун дунё бўйлаб космик технологиялар соҳасидаги асосий иштирокчилар — космик агентликлар, компаниялар, илмий марказлар ва инвесторларни бир жойга жамлайди. Ушбу платформа орқали глобал космик ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба алмашиш ва янги бизнес кўприкларини барпо этиш учун қулай шароит яратилади.
Марказий Евроосиё давлатлари ўртасидаги космик интегратсияни кучайтириш ва ресурсларни биргаликда ишлатиш — конференсиянинг асосий йўналишларидан биридир. Бу минтақада космик технологиялар, сунъий йўлдош тизимлари, ерни масофадан зондлаш, сунъий йўлдошли алоқа ва космик мониторинг бўйича стратегик ҳамкорлик ўсиб бораётганидан далолат беради.
Ушбу конференсия Ўзбекистонни Марказий Евроосиё космик технологияларининг етакчи марказига айлантиришга хизмат қилади. “Ўзбеккосмос” агентлиги бу орқали ўзининг 2030-йилгача бўлган космик соҳани ривожлантириш стратегиясини халқаро ҳамжамиятга намойиш этади ҳамда инвесторлар ва технологик ҳамкорлар учун Ўзбекистонни жозибадор бозор сифатида танитади.
Тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатдан 400 дан зиёд делегат ва 150 дан зиёд ташкилот вакиллари иштирок этиши кутилмоқда бу эса конференсиянинг глобал аҳамиятини янада оширади.
“SТC 2026” конференсия дастури жуда бой ва турли йўналишларни қамраб олади. Хусусан, ялпи сессиялар ва маърузаларда “Shaping the future of space in Central Eurasia” — минтақанинг космик стратегияси ва истиқболлари ҳақида муҳокамалар олиб борилса, Roundtables’да ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг космик стратегияси бўйича сўз боради.
Бу йилги SТC 2026нинг аҳамияти нечоғлик муҳим?
Мазкур платформа орқали глобал ҳамкорликни кучайтириш имконияти пайдо бўлади. Марказий Евроосиё давлатларининг космик технология бўйича стратегиялари халқаро майдонда танитилади. Янги бизнес алоқаларига йўл очилиб, халқаро компаниялар, инвесторлар ва агентликлар билан бевосита мулоқот имкониятлари яратилади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати
