Космик соҳадаги хотин-қизлар билан учрашув
2026-03-06 11:10:00 / Янгиликлар

"Ўзбеккосмос" агентлигида фаолият олиб бораётган аёллар учун 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан маърифий учрашув ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Собирова Камола Шавкатовна иштирок этиб, замонавий технологиялар ва космик соҳада аёллар иштирокини кенгайтириш, уларнинг профессионал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Учрашувда қайд этилганидек, бугунги кунда космик саноат дунё бўйлаб энг тез ривожланаётган стратегик йўналишлардан биридир. Шу боис ушбу соҳада фақат муҳандислик ёки илмий билимлар эмас, балки инновацион фикрлаш, бошқарув, коммуникация ва таҳлилий кўникмалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ривожланган давлатлар космик саноатда аёллар улушини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда ҳам космик технологиялар ривожи жараёнида аёллар фаоллигини ошириш долзарб масалага айланиб бормоқда.
Тадбирда давлат тизимида хотин-қизларнинг ролини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бундай мулоқотлар ташкилот ичидаги ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш баробарида Ўзбекистоннинг космик саноатини ривожлантиришда инсон капиталининг муҳим қисмини ташкил этувчи аёллар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳам хизмат қилади.
Видеони томоша қилиш учун шу ерга босинг
