Ёшлар ва космос: “Ўзбеккосмос” агентлиги янги имкониятлар эшигини очмоқда!
2026-03-06 10:50:00 / Янгиликлар

Сўнгги вақтларда “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ёшлар билан ишлаш йўналишида бир қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилди. Бу тадбирлар ёш авлоднинг космик технологиялар, инновация ва илм-фанга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, агентлик мутахассислари Webster University қошида фаолият юритаётган Space Club аъзолари билан учрашув ўтказишди. Унда талабаларга Ўзбекистонда космик соҳа ривожи, “Ўзбеккосмос” агентлиги фаолияти ҳамда ёшлар учун мавжуд амалиёт имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, клуб фаолияти юқори баҳоланиб, ойнинг энг фаол клуби сифатида тақдирланди.
Ёшлар билан ишлаш борасидаги яна бир муҳим ташаббус сифатида “Сеҳриё” мактаби ўқувчилари учун махсус амалиёт дастури ташкил этилганини ҳам қўшимча қилиш лозим. Дастур доирасида ўқувчилар агентлик фаолияти билан яқиндан танишиш, мутахассислар билан мулоқот қилиш ва айрим амалий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлишди. Бу эса уларнинг келажакда космик муҳандислик ва технологиялар соҳасига қизиқишини янада кучайтириши кутилмоқда.
Шу билан бирга, агентлик мамлакатда STEM таълими ва робототехника йўналишларини ривожлантиришга қаратилган “SТЕМ for Youth” форумида ҳам фаол иштирок этди. Форум иштирокчиларига сунъий йўлдош технологиялари, Ерни масофадан зондлаш ҳамда замонавий космик ишланмалар ҳақида тақдимотлар ўтказилди.
Бундай ташаббуслар ёшларни илм-фан ва технологияларга жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда космик соҳа учун янги мутахассислар авлодини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.






