Японияда ўзбек ёшлари мамлакатнинг биринчи илмий сунъий йўлдошини ясашни бошлашди
2026-03-05 14:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон тарихида илк бор миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш жараёнлари бошланди. Бу мамлакатнинг космик ва технологик йўналиши учун стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.
Сабаби, сўнгги йилларда Ўзбекистонда космик технологиялар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ерни масофадан зондлаш, иқлим мониторинги, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш каби йўналишларда космик маълумотларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, илмий сунъий йўлдош яратиш ташаббуси рамзий ёки PR лойиҳа эмас. Аксинча, у Ўзбекистоннинг узоқ муддатли илмий ва технологик суверенитетини таъминлашга қаратилган амалий эҳтиёждир.
Мазкур лойиҳанинг Японияда Ўзбекистон ёш муҳандислари томонидан амалга оширилиши эса тасодифий танлов эмас. Кунчиқар мамлакат кичик ва ўрта ўлчамдаги илмий сунъий йўлдошларни яратиш бўйича дунёдаги етакчи мактаблардан бирига эга. Айниқса, университетлар қошидаги космик лабораториялар ёш муҳандислар тайёрлашда самарали модель сифатида тан олинган.
Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда “Ўзбеккосмос” агентлиги 2025 йилнинг октябрь ойида 7 нафар ўзбекистонлик ёш муҳандисни “Kyushu Institute of Technology” олийгоҳида магистратура йўналишида грант асосида ўқиш учун юборди.
Сунъий йўлдошнинг учирилиши 2028 йилда амалга оширилиши режа қилинган. Унга “Мирзо Улуғбек” дея ном берилди ва унинг формати 6U кўринишида бўлиб, илмий сунъий йўлдош сифатида фазога учирилади. У Ер юзасини масофадан зондлаш, илмий тажрибалар ва космик технологияларни синовдан ўтказиш вазифаларини бажаради.
Ушбу лойиҳа орқали нафақат техник қурилма яратиш, балки инсон капиталини шакллантириш ҳам мақсад қилинган. Яъни комплекс дастурда Японияга магистратура босқичида ўқишга юборилган талабалар мазкур жараённинг муҳим бўғини сифатида кўрилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида ўзбекистонлик ёшлар сунъий йўлдошларни лойиҳалаш, йиғиш, синовдан ўтказиш ва бошқариш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бу эса тайёр маҳсулотдан кўра муҳимроқ натижа бўлиб, миллий кадрлар мактабини шакллантириш имконини беради. Яъни Ўзбекистон буюртма қилишдан кўра узоқ муддатли технологик суверенитет яратиш модели асосида босқичма-босқич миллий космик саноатни шакллантириш йўлидан бормоқда.
Ўзбекистонлик талабалардан иборат 7 нафар космик муҳандиснинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Муҳаммадсолиҳ Адҳамжонов — ёш муҳандис
— Мен мазкур лойиҳада сунъий йўлдошнинг коммуникация қисми бўйича иш олиб бормоқдаман. Унинг асосий вазифаси сунъий йўлдош ва ер станцияси ўртасида барқарор ва самарали алоқа тизимини таъминлашдан иборат.
Аббосхўжа Акрамов — ёш муҳандис
— Мен илмий сунъий йўлдош лойиҳасида ер станциясидан йўлдошни бошқариш дастурини ишлаб чиқиш бўйича ишлаяпман. Шунингдек, сунъий йўлдошнинг қуйи тизимларини электр ва механик жиҳатдан бирлаштириб турувчи борт платасини лойиҳалаш ҳамда интеграция қилиш ишларида ҳам қатнашяпман. Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, қуйи тизимларни ўзаро мувофиқлаштириш ва уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш менинг вазифаларимга киради.
Ҳабибуллоҳ Азимжонов — ёш муҳандис
— Мен мазкур лойиҳада сунъий йўлдош тузилиши ва термал барқарорлигини лойиҳалаш билан шуғулланяпман. Бу фазовий ускуналарни лойиҳалаш ва таҳлил қилиш, аппаратларнинг учириш пайтидаги юкламаларини, тебранишларини, зарба ва фазодаги механик кучланишларга бардош беришини таҳлил қилишдан иборат. Шунингдек, сунъий йўлдош қисмларининг кескин иссиқ ва совуқ космик шароитларда хавфсиз ҳарорат оралиғида ишлашини таъминлаш бўйича ҳам ишлаяпман.
Аҳмадилло Сайфуллаев — ёш муҳандис
— Мен мазкур лойиҳада On-Board Computer, яъни сунъий йўлдош ичидаги компьютер тизими учун жавоб бераман. Менинг асосий вазифам сунъий йўлдошнинг барча жараёнларини марказий компьютер орқали бошқаришдир. Борт дастурий таъминотини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, турли ички тизимлардан келаётган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда ер станцияси билан барқарор алоқани таъминлаш менинг вазифаларимга киради. Шунингдек, тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва барча носозликларни тезда аниқлаб, хавфсиз тарзда бартараф этиш ҳам назоратим остида бўлади.
Асильбек Шукуров — ёш муҳандис
— Мен мазкур лойиҳада Attitude Determination and Control Systems (ADCS), яъни сунъий йўлдошнинг манёврларини бошқариш, телеметрик маълумотларни йиғиш ва асосий компьютерга юбориш ҳамда ҳаракатга оид барча тизимлар учун жавобгардирман. Ҳозирги асосий вазифаларим — ADCS ускуналари учун дастурий таъминот ва алгоритмларни ишлаб чиқишдан иборат.
Бурҳон Увраимов — ёш муҳандис
— Мен мазкур лойиҳада сунъий йўлдошдаги камералар ва улар орқали олинадиган космик суратлар тизими учун жавоб бераман. Менинг асосий вазифаларим камераларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, Ер юзасининг аниқ тасвирларини олиш ва уларни узатишдан иборат. Шунингдек, камераларнинг борт компьютери ва бошқа тизимлар билан мослигини текшириш ҳам менинг вазифаларимдан ҳисобланади.
Шоҳрухбек Юнусов — ёш муҳандис
— Мен мазкур лойиҳада Electrical Power System, яъни электр қувват тизимлари бўйича масъулман. Йўлдошнинг барча модулларини етарлича ва барқарор энергия билан таъминлаш менинг асосий вазифамдир. Бунинг учун қуёш панелларини танлаш, уларнинг қувватини ҳисоблаш ва аккумулятор сиғимини аниқлаш зарур. Шунингдек, қувватни хавфсиз тақсимлаш схемаларини ишлаб чиқиш, электрон платаларни йиғиш ва синовдан ўтказиш, энергия барқарорлигини ҳисоблаш ҳамда тизимнинг турли режимларда тўғри ишлашини текшириш ҳам менинг мажбуриятимдир. Кейинчалик CubeSat орбитага чиққандан сўнг қувват телеметриясини кузатиб бориш ҳам менинг вазифаларимдан бири бўлади.
Илмий сунъий йўлдош мамлакатимиз олий таълим тизими учун ҳам муҳим платформага айланиши кутилмоқда. Унинг ёрдамида талабалар ва ёш олимлар реал космик маълумотлар билан ишлаш имкониятига эга бўлади. Муҳандислик соҳалари, амалий физика, IT ва аэрокосмик йўналишларда амалий тадқиқотлар ривожланади, илмий ишланмаларни халқаро даражада ҳимоя қилиш имкониятлари кенгаяди.
Ушбу илмий сунъий йўлдош яратилишининг бошланиши нафақат техник жараён, балки мамлакатнинг илмий тафаккури ва технологик амбицияларини намоён этувчи муҳим босқичдир. Ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон нафақат космик технологиялардан фойдаланувчи, балки ўз билим ва инновацияларини яратувчи давлат мақомини шакллантириш сари қадам ташламоқда.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати



