Франсия элчиси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-02-20 16:55:00 / Янгиликлар

“Ўзбеккосмос” агентлигида Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Уалид Фук билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда космик соҳадаги мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида “Ўзбеккосмос” агентлиги директори Ш.Кадиров томонидан Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги космик соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Франциянинг Novaspace консалтинг компанияси билан “Космик тадқиқотлар ва технологиялар – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик доирасидаги ишлар, 2022–2023 йиллар давомида Франциянинг молиявий кўмагида ва “Airbus” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига Ерни масофадан зондлаш (YMZ) сунъий йўлдош технологияларини жорий этишга қаратилган “GeoFerma” қўшма лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, CNES (Франция Миллий космик тадқиқотлар маркази) билан ҳамкорлик истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Томонлар 2026 йилнинг 30–31 январь кунлари Франция элчихонаси билан ҳамкорликда ActInSpace халқаро хакатонининг миллий босқичи муваффақиятли ўтказилганини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, Агентлик томонидан амалга оширилаётган бошқа таълим лойиҳалари – “Ёш муҳандис”, “NASA Space Apps Challenge” ва бошқа ташаббуслар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, 2026 йил 31 март – 1 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган STC (Space Technology Conference) тадбирида кўплаб француз компаниялари иштирок этиши кутилаётгани таъкидланди. Элчи жанобларига 2028 йилда Самарқанд шаҳрида ўтадиган “Халқаро астронавтика конгресси – IAC–2028” мезбонлиги учун ўтказилган танлов жараёнида Франциянинг CNES томонидан билдирилган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирилди.
Франция элчиси Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона ва стратегик муносабатларни юқори баҳолади. Шунингдек, элчи жорий йил июль ойида Париж шаҳрида юқори даражадаги раҳбарлар иштирокида Халқаро космик саммит ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилиб, мазкур тадбирда Агентлик делегациясини иштирок этишга таклиф этди. Бундан ташқари, элчи CNES билан ҳамкорликда малака ошириш тренингларини ташкил этишда кўмак беришга ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан космик таълим дастурларини йўлга қўйиш имкониятларини ҳам ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда томонлар 6U форматдаги сунъий йўлдош лойиҳаси, миллий фазогирни тайёрлаш истиқболлари ҳамда бошқа жорий лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув якунида Агентлик директори 2026 йил 24–26 март кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган IAF Spring Meetings тадбирида иштирок этиш мақсадида Агентлик раҳбарияти ташрифи режалаштирилаётганини маълум қилди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, амалий йўналишлар бўйича ишларни фаоллаштириш ҳамда мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.



