Водий ҳудудларини ривожлантиришда космик технологиялардан кенг фойдаланилади
2025-12-20 12:45:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда космик технологиялар ҳудудларни барқарор ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва бошқарув қарорларини қабул қилишда муҳим воситага айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбеккосмос” агентлиги вакилларининг Андижон ва Наманган вилоятлари ҳокимлари Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда Шавкатжон Абдураззоқовлар билан бўлган учрашуви Водий ҳудудларида космик мониторинг тизимларини жорий этиш ва кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Андижон ва Наманган вилоятлари аҳоли зичлиги юқори, қишлоқ хўжалиги ва саноат салоҳияти катта ҳудудлар ҳисобланади. Бундай ҳудудларда ер, сув ва инфратузилма ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва самарали бошқариш долзарб масаладир. Космик технологиялар, хусусан, сунъий йўлдош тасвирлари ва масофадан зондлаш маълумотлари бу борада аниқ ва тезкор таҳлил имконини беради.
Космик мониторинг ёрдамида ер майдонларининг ҳолати, экинларнинг ривожланиш даражаси, суғориш самарадорлиги ҳамда ер деградацияси каби жараёнлар доимий назорат остида бўлади. Бу эса ҳокимликлар ва тегишли идораларга муаммоларни эрта аниқлаш ва аниқ чоралар кўриш имконини яратади. Сабаби, Андижон ва Наманган ҳудудлари учун қишлоқ хўжалиги асосий иқтисодий йўналишлардан бири ҳисобланади. Космик технологияларни жорий этиш орқали эса экин майдонларининг реал ҳолатини билиш, ҳосилдорликни прогноз қилиш ва сув танқислигини тезда аниқлаш мумкин бўлади.
Қайд этилганидек, космик технологиялар Андижон ва Наманган шаҳарларида ҳудудий режалаштириш, янги қурилишлар ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, сунъий йўлдош маълумотлари асосида ноқонуний қурилишларни аниқлаш, ер ажратиш жараёнларини шаффофлаштириш, сел, кўчки ва бошқа табиий хавфларни прогноз қилишга эришилади.
Учрашувлар давомида муҳокама қилинган масалалар космик технологияларни давлат бошқарувига интеграция қилиш орқали қарорлар қабул қилиш жараёнини рақамлаштиришга хизмат қилади. Аниқ маълумотларга асосланган бошқарув эса ҳудудларни ривожлантириш бўйича стратегик режаларнинг самарадорлигини оширади.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Андижон ҳамда Наманган вилоятлари ҳокимликлари ўртасидаги ҳамкорлик Водий ҳудудларида космик технологияларни кенг жорий этиш учун мустаҳкам замин яратади. Бу жараён нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, аҳоли фаровонлигини яхшилаш ва ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.





