Uzcosmos: Ўзбекистон ва БАА космик соҳадаги ҳамкорликни жадаллаштирмоқда - DUBAI AIRSHOW 2025 НАТИЖАЛАРИ
2025-11-25 11:25:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда космик технологиялар глобал геоиқтисодий рақобатнинг асосий йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Сунъий йўлдош тизимлари, ернинг масофадан зондланиши, космик мониторинг ва инновацион тадқиқот миссиялари нафақат ривожланган давлатлар, балки технологик модернизация йўлида бораётган мамлакатлар учун ҳам устувор аҳамият касб этмоқда. Шу жараёнлар фонида Ўзбекистон ўзининг космик дипломатияси ва халқаро ҳамкорлик сиёсатини изчил кенгайтириб, жаҳон космик секторидаги иштирокини мустаҳкамлаб бормоқда.
16-21 ноябрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Dubai Airshow 2025 кўргазмасида Uzcosmos делегациясининг иштироки бу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Мазкур форум ҳар икки йилда авиация, космик технологиялар ва мудофаа саноати етакчиларини бир майдонга жамлайдиган энг нуфузли халқаро тадбирлардан биридир. Технологиялар мисли кўрилмаган суръатда ривожланаётган бугунги шароитда айнан космик соҳа кўргазманинг асосий марказларидан бирига айланди.

Делегациянинг илк учрашуви БАА Космик агентлиги бош директори Салем Бутти Ал Кубайси билан музокаралардан бошланди. Томонлар сунъий йўлдошлар ва уларнинг бутловчи қисмларини яратиш, илмий-техник лойиҳалар, тажриба алмашинуви ва космик дипломатия йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бугун БАА – MBRSC, UAE Space Agency ва Emirates Mars Mission каби ташаббуслар орқали минтақадаги энг кучли космик марказлардан бирига айланган бўлиб, Ўзбекистон учун стратегик шерик сифатида алоҳида ўрин тутади.

Муҳаммад бин Рашид номидаги Космик марказ (MBRSC)га ташриф доирасида Uzcosmos вакиллари сунъий йўлдошларни лойиҳалаш, ЙМЗ маълумотларини қайта ишлаш, космик миссияларни амалга ошириш ва юқори технологияли стартаплар экотизими билан яқиндан танишди. Музокаралар якунида томонлар илмий ва технологик йўналишларда қўшма лойиҳалар бўйича келишув тайёрлашга келишиб олди.

Кўргазма давомида Uzcosmos делегацияси АҚШнинг VAST Space ва Axiom Space компаниялари билан учрашувлар ўтказди. VAST Space янги авлод тижорат орбитал станцияларини яратиш бўйича етакчи бўлиб, Haven-1 ва Haven-2 модулларида сунъий гравитация ечимларини ишлаб чиқмоқда. Axiom Space эса тижорат асосидаги бошқариладиган космик миссиялар ва астронавтлар тайёрлаш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлиб, ҳозирда ўзининг биринчи хусусий орбитал станцияси – Axiom Статионни барпо этмоқда. Учрашувларда технологиялар трансфери, кадрлар тайёрлаш ва қўшма тадқиқотлар бўйича истиқболлар муҳокама қилинди.
Белгиянинг Unifly ва Япониянинг Terra Drone компаниялари билан ўтказилган музокаралар ҳам амалий натижаларга бой бўлди. Terra Drone билан эса агродронлар ёрдамида аниқ деҳқончилик, аэро-кимёвий ишлов бериш ва қишлоқ хўжалиги ерларини мониторинг қилиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинди.

Dubai Airshow 2025 доирасида ўтказилган учрашувлар Ўзбекистоннинг космик технологияларни ривожлантиришга қатъий интилаётганини, халқаро илмий-техник ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади. Глобал космик экотизим билан интеграция, илғор технологияларни ўзлаштириш ва янги қўшма лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши мамлакатнинг ушбу соҳадаги салоҳиятини сезиларли равишда мустаҳкамлаши кутилмоқда.
