Бир Ватан, бир эл, бир байроқ
2025-11-17 09:55:00 / Янгиликлар

Ҳар бир халқ мустаҳкам давлат ва барқарор жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўяр экан, аввало ўз давлат рамзларини шакллантириши ва уларни қонун билан мустаҳкамлаши зарур. Чунки давлат рамзлари — миллатнинг ўзлигини ифодаловчи, халқнинг фахр ва ғурур манбаига айланган муқаддас тимсоллардир.
Ўзбекистон ҳам мустақилликнинг илк йилларидаёқ ўз давлат рамзларини — давлат герби, мадҳияси ва байроғини қабул қилди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи алоҳида ўрин тутади. Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у халқимизнинг тарихий мероси, дунёқараши ва эзгу интилишларини мужассам этади.
Байроқдаги ҳар бир ранг ва белги чуқур маънога эга:
· Мовий ранг — мангу осмон ва тириклик манбаи бўлган обиҳаёт рамзи.
· Оқ ранг — муқаддас тинчлик, поклик ва софлик тимсоли.
· Яшил ранг — табиатнинг янгиланиши, навқиронлик, умид ва шодиёна белгисидир.
· Қизил чизиқлар эса — халқимиз вужудида жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ва уйғониш руҳи ифодасидир.
· Навқирон ярим ой — халқимизнинг қадимий анъаналари билан боғлиқ бўлиб, айни пайтда мустақиллик рамзи сифатида талқин қилинади.
· 12 юлдуз эса Ўзбекистон сарҳадидаги қадимий давлатларда ривожланган нужум илми, тарихий йилнома ва миллий тафаккур билан боғлиқ бўлган эзгу рамзлардандир.
Давлат байроғи — халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштирувчи, юрт тинчлиги ва мустақиллигини эъзозлашга чорловчи тимсолдир. Шу боис “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” ғояси халқимизнинг бирдамлик руҳини янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан "Ўзбеккосмос" агентлиги ва унинг муассислигидаги “Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази” МЧЖда ҳам қатор маърифий тадбирлар ўтказилди. Ташкилот ходимлари иштирокида “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” мавзусида Давлат байроғининг 34 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир давомида байроқнинг тарихий аҳамияти, унинг ҳар бир ранг ва белгисида мужассам бўлган маъно, шунингдек, давлат рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.


