“Ўзбеккосмос” жамоаси - “Самарканд Marathon-2025” иштирокчилари орасида!
2025-11-10 18:15:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи спорт тадбирлари тобора оммалашиб бормоқда. Айниқса, югуриш - инсон иродаси, матонати ва бирдамлигининг тимсолига айланган. Шу руҳда 8-9 ноябрь кунлари тарихий Самарқанд шаҳрида “Самарканд Marathon-2025” халқаро хайрия югуриши бўлиб ўтди.
Бу йилги марафонда 50 дан ортиқ мамлакатлардан 8 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Улар орасида “Ўзбеккосмос” агентлиги ходимлари ҳам “Узcосмос” жамоаси сифатида фаол иштирок этиб, 2 км, 5 км, 10 км, 21 км ва 42.2 км масофаларни муваффақиятли босиб ўтишди. Ҳар бир километр - иродани, соғломликни ва жамоавий руҳни ифодалади.
Аҳамиятли томони шундаки, “Самарканд Marathon” 2019 йилдан бери нафақат спортни, балки хайрия ғоясини ҳам тарғиб этиб келмоқда. Иштирокчилардан тушган маблағларнинг бир қисми болалар уйлари, ногиронлар марказлари ҳамда экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Шу тариқа югуриш нафақат соғлом турмуш тимсолига, балки эзгулик ва бирдамлик рамзига айланади. “Ўзбеккосмос” агентлиги ходимлари бу ишларнинг қисми эканлигидан жуда ҳам мамнунмиз.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати.







