ССВ: Ўзбекистонда сиам эгизаклари ноёб операция орқали ажратиб олинди
2025-10-09 11:00:00 / Янгиликлар

Танаси бир-бирига туташ бундай чақалоқларни вақти келиб, жарроҳлик йўли билан ажратиб олиш мумкин, аммо умумий ички аъзоларга эга бўлганлиги боис, уларни операция қилишга кўп мамлакатларда, ҳатто, энг моҳир хирурглар ҳам жазм этолмайди. Чунки бу — ўта ноёб операция. Ҳаммаси шифокорнинг билим ва маҳоратига, лаҳзалар оралиғида қабул қиладиган тўғри қарорларига боғлиқ.
Қувонарлиси, яқинда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилоят филиалида ана шундай ноёб операция ўтказилди. Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида “кесарча кесиш” йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига-устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинди. Мазкур юқори технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан бажарилди.
Ҳомиладорлик давридан бошланган синов
Қиз бола жинсли ушбу чақалоқлар сиам эгизаклари бўлиб, улардаги бу ноодатий ҳолат ҳомиладорликнинг 23 ҳафталигида УТТ текшируви пайтида аниқланган. Тиббий кўрик вақтида уларнинг қорин ва киндик соҳалари бир-бирига боғлангани, айниқса, ичаклари биргаликда ривожланаётгани маълум бўлди. Бу вазиятда яқинларига барча маълумотлар ва хавф-хатарлар олдиндан тушунтирилди. Фарзандларининг яшаб кетишидан умид узмаган ота-она эса гўдаклари ҳаёти учун курашишга рози бўлдилар. Шундан сўнг аёл ва ҳомиланинг ривожланиши Республика перинатал марказининг энг малакали мутахассилари томонидан доимий назорат қилиб борилди.
Афсуски, ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида аёлда сув кетиш ҳолати кузатилди. Шу боис бемор зудлик билан яшаш манзилига яқин бўлган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилоят филиалига йўналтирилди. Туғуруқ жараёни шошилинч равишда “кесарча кесиш” усулида амалга оширилди. Чақалоқлар умумий вазни 3400 грамм, бўйи 41 ва 40 сантиметр атрофида дунёга келди.
Нега операция шошилинч бажарилди?
Эгизакларнинг туғуруқдан кейин аҳволи жуда оғир эди. Дастлабки текширувда уларнинг жигар, талоқ ва буйраклари алоҳида эканлиги аниқланди. Бироқ сиам эгизаклари ингичка ичаклар ва сийдик қопи орқали бир-бирига бирлашган эди. Шунингдек, кўрик давомида сийдик қопининг аниқ эхо белгилари топилмади. Эгзакларнинг бирида эса йўғон ичак аниқланмади. Қолаверса, нафас олишдаги муаммолар сабабли гўдакларни чуқурлаштирилган инструментал текширувлардан ўтказишнинг имкони бўлмади.
— Энг хавфли томони шунда эдики, туғуруқдан кейин болаларни бирлаштириб турган терили парда икки жойидан ёрилиб, қорин бўшлиғидан суюқлик чиқа бошлади, — дейди Б. Эргашев. — Бу эса болалар ҳаёти учун жуда хавфли бўлиб, қорин бўшлиғи яллиғланишининг ривожланиш эҳтимолини юзага келтирарди. Шунингдек, ҳар иккала қизалоқда ҳам аноректал аномалия мавжудлиги аниқланди. Бу ҳам эгизакларда перитонит ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширарди. Ана шундай қалтис дақиқаларда бошқа танлов йўқ — зудлик билан операция қилинмаса, иккала чақалоқ ҳам ҳаётдан кўз юмади. Шуни инобатга олган ҳолда ўша куниёқ шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Ҳаёт учун 5 соатлик кураш
Республика перинатал маркази, Тошкент давлат тиббиёт университети кўп тармоқли клиникаси ҳамда Тошкент вилоятининг энг малакали мутахассислари — жарроҳлар, анестезиологлар, реаниматологлар, неонатологлар, операция ҳамишалари — жами 12 нафардан иборат тиббиёт ходимлари ушбу ўта мураккаб амалиёт учун жам бўлди. Уларнинг вазифаси сиам эгизакларини ингичка ичаклар ва сийдик қопи орқали бирлашган жойдан ажратиб олиш эди. Одатда ҳафталаб тайёргарлик кўриладиган бундай мураккаб операция учун бу гал 9 соат ичида барча зарур нарсалар ҳозирланди.
Жарроҳлик амалиёти кечки соат 19:30 да бошланиб, 5 соат давом этди. Бу вақт оралиғида чақалоқлар анестезия остида интубация қилинди. Операция давомида уларнинг битта умумий йўғон ичаги ва сийдик қопи урахус орқали боғланганлиги маълум бўлди. Қон томирларни ҳисобга олган ҳолда йўғон ичак тўнғич қизалоқда қолдирилди. Сийдик қопи ва боғловчи урaxус эҳтиёткорлик билан ажратилди. Иккала чақалоққа ҳам вақтинчалик стома қўйилди. Шундай қилиб, эгизаклар бир-биридан муваффақиятли ажратиб олинди.
Айтиш лозимки, бу турдаги жарроҳлик амалиётларида ҳар бир сония муҳим, ҳар бир ҳаракат ҳаёт билан ўлим ўртасидаги чегарани белгилайди. Одатда бундай мураккаб амалиётлар барча замонавий шарт-шароитларга эга бўлган энг илғор тиббиёт муассасаларида, аввалдан режалаштирилган ва чуқур тайёргарлик кўрилган ҳолда ўтказилади. Бу гал ушбу ноёб операциянинг маҳаллий шароитда бажарилиши ҳамда вилоят даражасига туширилиши Президентимиз томонидан соҳа ривожи йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлди.
Ўзбекистонда сиам эгизаклари неча марта операция қилинган?
Шу пайтгача юртимизда сиам эгизакларини ажратиб олиш амалиёти икки марта қилинган. Биринчиси Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилган. Унда операция чет элдан чақирилган мутахассис бошчилигида ва бевосита унинг иштирокида кечган. Қолаверса, 2023 йил Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказида қирғизистонлик эгизаклар бир-биридан ажратиб олинган. Ушбу операция ҳам Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги малакали мутахассислар томонидан амалга оширилганди. Бироқ бу галгиси ўта мураккаб эди.
— Аввал ўтказилган сиам эгизаклари операциясидан орттирилган тажриба, албатта, бу сафар қўл келди, — дейди Б.Эргашев. — Аммо уни ҳозиргиси билан таққослаб бўлмайди. Чунки қирғизистонлик сиам эгизаклари 7 ойлик, вазни эса 10 килограмм атрофида эди. Ўша операцияга биз олдиндан, пухта тайёргарлик кўрган, катта тажрибага эга мутахассислар жамоаси билан киришган эдик. Улар жигар орқали боғланган бўлиб, жигарни ажратиш жараёни тахминан бир ярим соат, бутун операция эса уч соатга яқин давом этганди. Бу сафарги амалиёт эса анчагина қийин кечди. Чунки болажонлар муддатига етмай туғилган, уларнинг ички аъзолари — ичак ва сийдик қопи умумий боғланган эди. Шу сабабли жарроҳлик жараёни юқори даражадаги аниқлик ва эҳтиёткорликни талаб этарди. Шунга қарамасдан, ўзбек шифокорларининг тажрибаси, жасорати ва ҳамжиҳатлиги туфайли операция муваффақиятли якунланди.
Саломатлиги яхшиланган жажжи беморлар ва уларнинг онасига кеча шифохонадан уйига жавоб берилди.
Сиам эгизакларини ажратиб олиш операциясида иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров томонидан “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.





