Андижон давлат тиббиёт институтида “Ўзбекистонда перинатал тиббиёт: бугун ва эртага” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда
2025-09-19 14:55:00 / Янгиликлар

Халқаро анжуман Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг кириш сўзи билан бошланди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири А.Худаяровнинг иштирокчиларга йўллаган видеотабриги намойиш этилди.
Қайд этилганидек, юртимизда тиббиётнинг оналар ва болалар саломатлигини асраш йўналиши мутлақо янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази айни шу мақсадда ташкил қилиниб, соҳа бўйича ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилди.
Бу билан туғиш ёшидаги аёлларга сифатли ва тизимли тиббий хизмат кўрсатиш, дунёга келадиган ўғил-қизлар саломатлигини назорат қилишнинг яхлит механизми яратилди. Натижада қисқа муддатда ушбу марказ халқаро аккредитациядан ўтган Ўзбекистондаги илк давлат тиббиёт муассасасига айланди. Ўз навбатида, унинг директори “Марказий Осиёда энг яхши тиббий ташкилот раҳбари” сифатида эътироф этилди.
Анжуман кун тартибидан мавзуга доир 80 дан зиёд маърузалар ўрин олган. Бу орқали она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича илғор ютуқлар, инновацион ёндашувлар, шунингдек, долзарб муаммолар ва уларнинг самарали ечимлари юзасидан тажриба алмашилади.
Тадбир доирасида пленар мажлис, 14 та секция йиғилиши ва 2 та илмий-амалий семинар ўтказилиши режалаштирилган.
Жумладан, уларда шошилинч акушерлик ва неонатал ҳолатлар, ҳомиладорликка тайёргарлик ва антенатал парвариш, пренатал скринингдаги ютуқлар, фетал тиббиёт, аёлларнинг репродуктив саломатлиги, соғлиқни сақлашда тиббий хизмат сифатини бошқариш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлади.
Халқаро анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.








