Тиббиёт тизимида коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги таҳлил қилинди
2025-09-18 15:20:00 / Янгиликлар

Унда Соғлиқни сақлаш вазири А. Худаяров, Бош прокурор ўринбосари С. Саматов ва Наманган вилояти прокурори У. Мадраҳимов иштирок этди.
Шунингдек, йиғилишда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳамда барча даволаш-профилактика муассасалари масъуллари қатнашди.
Дастлаб, вазир Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида белгиланган вазифалар, хусусан, аҳолини тиббиётдан рози қилиш, соҳада қонунбузарлик ҳолатларига қарши курашни янада кучайтириш борасида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугун соҳада коррупциянинг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўрилмоқда. Жумладан, вазирликда “Коррупцияга қарши ички назорат бўлими” ташкил этилди. Тиббиёт муассасаларида Ягона электрон ахборот тизими — DMED жорий қилинди.
Қолаверса, Ситуацион марказ фаолияти йўлга қўйилиши соҳада бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши ҳамда коррупция рискларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга хизмат қилмоқда. Бироқ бу йўналишда ҳали қилинадиган ишлар талайгина.
Шу боис вазир соҳада рақамлаштириш ишларини кучайтирган ҳолда тизимда учраётган айрим коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш, бу орқали аҳолининг тиббиётдан розилигини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.
Шунингдек, тадбирда Бош прокурор ўринбосари С. Саматов ва Наманган вилояти прокурори У. Мадраҳимов фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик ижросини таъминлаш, соҳада манфаатлар тўқнашуви, таъмагирлик ва бошқа коррупцион хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.



